Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайлов демократик тамойиллар асосида ўтади
12:14 / 2024-08-28

Мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Сурхондарё вилоятида ҳам муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонова билан  суҳбатимиз сайловга кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари, бу йилги сайловларнинг ўзига хос жиҳатларига бағишланди. 

 –­Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий кампания янгиликлар билан бошлангани сайлов ташкилотчилари учун ҳам, кузатувчилар, сайловчилар учун ҳам бир қатор қулайлик яратди, – деди З. Алимардонова. – Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг қуйи тузилмаларида ҳудудий сайлов комиссиялари ва туман, шаҳар сайлов комиссияларининг янги тизими яратилди. Илк марта парламент сайлови аралаш ­ мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилиши белгиланди. Унга кўра, Қонунчилик палатаси депутатларининг ярми мажоритар яъни, бир мандатли сайлов округидан, ярми эса пропорционал тартиб ­ партия рўйхати асосида битта сайлов округидан сайланади. Рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилгани сайлов комиссияси ишини енгиллаштирмоқда. Сайловчилар, кузатувчилар ва бошқа вакилларнинг сайловда иштироки электрон шакл кўмагида ташкил этилмоқда. Шу мақсадда ишга туширилган янги “E-SAYLOV” ахборот тизими сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Бу йил илк марта қўлланилаётган бу амалиёт сайлов комиссиялари ўртасидаги ҳужжат алмашинувини тезлаштириб, ортиқча вақт йўқотилишининг олдини олади. Сайловчиларнинг “E-SAYLOV” ахборот тизими орқали ўз ҳудудидан кўрсатилаётган номзодлар ва уларнинг дастурлари тўғрисида етарли маълумот олишига имконият яратади. 

­– Сайлов бу ­ўзига хос кўп босқичли жараён. Мамлакатимизда бу кампанияга старт берилганидан буён вилоят ҳудудий сайлов комиссияси амалга оширган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз? 

– ­“Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида бўлиб ўтиши белгиланган сиёсий кампанияни вилоятда миллий сайлов қонунчилигимиз доирасида очиқ, ошкора ташкил этиш учун вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг биринчи ташкилий мажлисида комиссия иш режаси, иш тартиби, вазифалар тақсимоти, номенклатура, комиссия аъзоларини ҳудудларга бириктириш ва навбатчилик бўйича қарорлар қабул қилинди. Кейинги мажлисда сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига тегишли мандат берилди. Матбуот маркази ҳам ташкил этилди.

Вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг календарь режасига мувофиқ сайловга 80 кун қолганда туман, шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиниб, ҳудудий сайлов комиссиясига тавсия этилган турли соҳа вакилларидан иборат 227 нафар номзод тасдиқланди. Уларнинг 105 нафари аёллар, 188 нафари аввалги сайловларда қатнашганлар бўлса, 69 нафари илк марта комиссия таркибига киритилган. 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 19 ва 20-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 5 июндаги 1335- қарори билан тасдиқланган туман, шаҳар сайлов комиссияси тўғрисидаги низомга мувофиқ, Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг қарори билан қонунчиликда белгиланган аъзодан иборат таркибда туман, шаҳар сайлов комиссиялари тузилди.

­– Барча босқичлар белгиланган режа асосида давом этяпти, демоқчисиз шекилли?

­Ҳа, комиссиямиз аъзолари барча ишларни тегишли календарь режа асосида қонун доирасида амалга оширмоқда. Масалан, Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округларини тузиш учун Сайлов округлари ва участкаларини тузиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра иш юритилади. Шу асосда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш учун сайлов округлари Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик ўринларига тенг миқдорда тузилиши, Халқ депутатлари вилоят Кенгашига бўлиб ўтадиган сайловда ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланиши, Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларининг чегаралари кўрсатилган тегишли вилоят ҳокимининг тақдимномаси сайловга камида етмиш беш кун қолганида тегишли ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилиши, сайлов округини тузиш ҳақидаги тақдимномада сайлов округи чегараси доирасига кирувчи тегишли туман, шаҳар ҳудудидаги маҳаллалар ва кўчалардан иборат маъмурий-ҳудудий бирликлар рўйхати, сайловчилар сони кўрсатилиши белгиланган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округлари ҳудудий сайлов комиссияси томонидан қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда ҳар беш йилда бир марта тузилиши, сайлов округларининг чегаралари вилоятнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда белгиланиши, сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда сайловдан камида етмиш кун олдин тегишли ҳудудий сайлов комиссияси томонидан эълон қилиниши, Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, ўн фоиздан ошмаслиги кераклиги қайд этилган.

Шу мезонлар асосида Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг тегишли қарори ҳамда вилоят ҳокимлигининг тақдимномасига мувофиқ вилоятда 50 та сайлов округи чегараланиб, ҳудудий сайлов комиссиясига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритилган эди. Комиссия мажлисида бу масала ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, 50 та сайлов округи тузилди. Навбатдаги жараёнда округ сайлов комиссиялари аъзолари ҳам тасдиқланди. 

– Сайловлар ­халқ хоҳиш-иродасини эркин ифода этадиган муҳим сиёсий тадбир. Уни юқори савияда ўтказиш туман, шаҳар сайлов комиссиялари, сайлов округлари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларига ҳам боғлиқ бўлса керак? 

­Сайлов кодексида сайловларни очиқ, шаффоф ташкил этишнинг демократик тамойилларга асосланган тартиб-таомиллари белгилаб берилган. Сайлов комиссияларига эса турли соҳаларда меҳнат қилаётган, эл обрўсини қозонган фуқаролар жалб этилган. Албатта, уларни миллий сайлов қонунчилиги, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиб-таомиллари билан таништириш учун биринчи навбатда 60 нафар малакали ҳудудий тренер ўқитилди. Шундан сўнг туман, шаҳар сайлов комиссиялари ва округ сайлов комиссияларининг раиси, ўринбосари ва котиблари учун ўқув машғулотлари ташкил этилди. Эндиликда аъзолари ҳам ўқитилади. Ҳали участка сайлов комиссиялари учун ҳам ўқишлар ташкил этилади. Дастлабки маълумотларга кўра, бу йилги сайловларда вилоятдан 1 миллион 669 мингдан ортиқ сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг ўзлари танлаган номзодни ёқлаб овоз бериши ва сайловни юқори даражада ўтказиш учун барча шароит яратилади. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

               ЎзА мухбири