2024 йил 27 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларининг сайлови бўлиб ўтади.
Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади.
Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.
Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Сайлов кодексининг 51-моддасига кўра, овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20:00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.
Демак, 2024 йил 27 октябрь куни соат 08:00дан бошлаб ҳар бир сайловчи сайлов участкасига чиқиб, овоз бериши мумкин.
Сайловларда иштирок этиш орқали биз ўз конституциявий ҳуқуқимизни амалга оширамиз. Муносиб номзодларга, партияга овоз бериш орқали жамият равнақига ҳисса қўшамиз.
Норгул Абдураимова, ЎзА