Халқаро медиа холлда Президент сайловига бағишланган энг яхши видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Халқаро пресс-клуб ва “UzReport TV” ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловда 100 нафардан ортиқ ёш киноижодкор, журналист, блогер ўз имкониятини синаб кўрди.

Сайловолди ташвиқотда оммавий ахборот воситалари, телевидение, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этиладиган ижтимоий роликлар алоҳида ўрин тутади. Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад сайловчиларни, айниқса, сайловда илк бор иштирок этаётган ёшларни миллий сайлов қонунчилигимиз билан яқиндан таништириш, фуқаролик масъулиятини сингдириш ва уларнинг Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари ҳақидаги билимларини бойитишга қаратилган.

–Ушбу танлов асосан ёшларга йўналтирилган эди. Унда ёш киноижодкорлар, журналистлар, блогерлар иштирок этди. Танлов материалларининг мазмуни ёшларнинг сайлов маданиятини ошириш, уларни сайлов жараёнига бефарқ бўлмасликка ундашдир. Танловга тақдим этилган видеороликлар доимий равишда телевидение орқали намойиш этилди. Уларнинг асосий қисми ҳуқуқий таълим ва саводхонликка бағишланган. Шуни айтиш жоизки, Кинематография агентлиги ёш киноижодкорларга сайловга бағишланган роликлар яратиш учун грант ажратди, – деди ЎзEОАВМА бошқаруви раиси, Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Тақдирлаш маросимида иштирок этган «Америка овози» телеканали мухбири Навбаҳор Имомова танлов ҳақида ўз фикрини билдирди.
–Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган ва «Ёшлардан – ёшларга» форматида ўтказилган кенг кўламли танловнинг ташкиллаштирилганлиги менда катта таассурот қолдирди. Танлов Ўзбекистон ёшлари учун жуда муҳим, чунки у фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга ёрдам беради. Танлов иштирокчилари ва ёш сайловчилар телеканаллар, веб-сайтлар ва бошқа ОАВ манбалари орқали кўплаб маълумотларга эга бўлди, – деди у.
Танлов якунига кўра, 12 нафар иштирокчи тўртта номинация бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди.
«Энг яхши информацион видеоролик», «Энг яхши постановкали видео», «Энг яхши анимацион видео», «Томошабинлар танлови» номинациялари бўйича Элёр Тўлаганов, Маҳлиё Асқаралиева, Зафарбек Эминов ва Маъмуржон Эргашевга танловнинг биринчи ўринлари насиб этди.
Маросимда танлов ғолибларига махсус диплом ва пул мукофотлари топширилди. Концерт дастурига уланган ушбу тадбир иштирокчиларга катта завқ-шавқ улашди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА