Бугун Самарқанд вилоятидаги 1111 та сайлов участкаларининг барчасида тонгги соат 8:00дан овоз бериш жараёнлари бошланди.
Вилоятнинг Давлат хизматлари агентлиги марказларида жойлашган сайлов участкаларида ҳам сайлов жараёнлари қизғин давом этмоқда.
Хусусан, Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказида жойлашган 110-сайлов участкаси ҳам сиёсий тадбирда фаол иштирок этаётган сайловчилар билан гавжум.

- Сайлов участкамизда сайловчиларнинг овоз бериши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, - дейди участка раиси Сухроб Қодиров. - Бу ерда 1867 нафар сайловчи овоз бериши кўзда тутилган.
Уларнинг 18 нафари биринчи марта, 44 нафари эса уйдан овоз беради. Шунингдек, 10 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берган. Овоз бериш жараёни карантин талаблари асосида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қайси сайлов участкасида овоз бериш ҳақида маълумотга эга бўлмасангиз https://saylov.uz/uz/faq/user-... (ёки My.gov.uz портали ёрдамида) манзилига кириб, туғилган сана ва паспорт рақамини киритган ҳолда овоз берадиган сайлов участкангизни аниқлаб олишингиз мумкин.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА