Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайилгоҳ ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини рўёбга чиқарадиган обод гўша бўлади
16:34 / 2023-10-11

Жорий йилнинг 11 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жойларда “Ёшлар сайилгоҳ”лари, Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қўқон каби туристик мажмуаларда, шаҳар ва туманлардаги марказий парк ва хиёбонларда “Очиқ осмон остида кутубхона”лар ташкил этиш юзасидан ҳам тегишли вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги Бобур номли боғда бир гуруҳ фаол ёшлар билан учрашган ва “Ёшлар сайилгоҳи”ни бунёд этишда уларнинг фикрлари билан қизиқиб, таклифларини тинглаган эди. Фаол йигит-қизларнинг таклиф ва тавсиялари асосида Термиз шаҳридаги Бобур номли боғни обод ва кўркам масканга айлантириб, “Ёшлар сайилгоҳи”ни шу ерда ташкил этишга келишилди. Шунингдек, янги барпо этиладиган сайлгоҳда очиқ осмон остида ёшлар учун кенг, ёруғ ва шинам катта кутубхона қуриладиган бўлди. Янги сайилгоҳ лойиҳаси ҳам мазкур мулоқот чоғида ёшлар илгари сурган таклиф ва ғоялар асосида ишлаб чиқилди. Айни пайтда қаровсиз қолган боғ ободонлаштирилиб, “Ёшлар сайилгоҳи” қурилмоқда. 

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов замонавий қиёфада бўй кўрсатаётган сайилгоҳда бўлиб, амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишди. Бу ерда бунёд этилаётган “Book” кафе, амфитеатр, кинотеатр, велойўлаклар, турли ҳажмдаги фавворалар, аттракционлар, ўйин майдонлари, кутубхона ва бошқа обьектларда ёшлар учун яратиладиган шароитлар билан қизиқди.

– Бу сайилгоҳ қурилишини энг фаол ёшлар билан бамаслаҳат амалга ошираётганимиздан хабарларингиз бўлса керак, – деди вилоят раҳбари. – Замонавий ва миллий архитектура ечимлари асосида қад ростлайдиган сайилгоҳ ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини рўёбга чиқарадиган обод гўша бўлади. Кечаю кундуз ишлайдиган муҳташам масканда киберспорт, спорт ва интеллектуал ўйингоҳлар, караоке клублари, театр, мода подиумлари, “Book” кафе, коворкинглар ва бошқа кўнгилочар жойлар ташкил этамиз. Йигит-қизлар билан ҳамиша гавжум бўладиган энг файзли, энг кўркам масканга айлантирамиз. 

Шу ерда янги қуриладиган “Ватанпарварлар” боғи ва музейи лойиҳасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга, маънан етук ва жисмонан соғлом улғайишига кўмаклашадиган боғда турли ҳарбий техникалар кўргазма майдонлари, отиш аттракционлари, пейнтбол майдончаси, буюк саркарда боболаримиз ҳаётига бағишланган бурчаклар ташкил этилиши кўзда тутилган. 

Улуғбек Қосимов тақдимот билан танишиб, унинг лойиҳасини янада такомиллаштириш учун соҳанинг энг малакали мутахассисларини жалб этиш, музей учун етарли экспонатларни жамлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди. Янги боғ қуриладиган ҳудудни танлаш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири