Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 31 йиллиги байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ўзгалар парваришига муҳтож, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.
Хусусан, тумандаги Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини Бўстон кўчасида яшовчи 1947 йилда туғилган устоз педагог 1-гуруҳ ногирони Шомурод Жавлиев 12 йилдан буён тўшакка ётиб қолган. 1953 йилда туғилган 1-гуруҳ ногирони Жўра Алиқулов эса 8 йилдан буён тура олмайди. Завқий маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1920 йилда туғилган онахон Ҳилол Ўроқова ҳамда оиласида 3 нафар 1-гуруҳ ногирони бўлган Менглихол Турсуновалар ҳолидан хабар олиниб, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Кекса фахрийлар юртимизга тинчлик омонлик тилаб дуо қилди.


Маълумот ўрнида Деҳқонобод тумани “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Саховат ва кўмак жамғармаси маблағи ҳисобидан 2022 йил августь ойида 45 нафар фуқарога 64 миллион сўм бир марталик моддий ёрдам пластик карталарига ўтказилиб берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.