“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими, туман ва шаҳар бўлинмаларининг I ярим йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди ва келгусидаги устувор вазифалар белгиланди.
Унда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят ҳамда туман, шаҳар бўлинмалари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз қариялар, чин етимлар, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган 130 оилага қарийб 60 миллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.

– “Маҳалла” фондининг вилоят бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига 2022 йил 6 ойи давомида 14 миллиард 224 миллион сўм хайрия маблағлари келиб тушган, – дейди фонднинг вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар қарорига асосан 13 минг 638 оилага 14 миллиард 128 миллион сўмлик ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган. Ушбу маблағлар оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдам, дори воситалари, жарроҳлик амалиёти ўтказиш, чорва моллари, парранда ва асалари уялари, асбоб-ускуналар, тикув машиналари олиб беришга сарфланган.

Маҳалла фуқаролар йиғини раисларига бир марта тўланадиган моддий ёрдам учун 868 миллион сўм, фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича компьютер ва мебель жиҳозлари билан таъминлаш учун 192 миллион сўм, маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини ёз мавсумида оромгоҳларга юбориш учун 80 миллион сўм, турли байрамлар муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга 213,5 миллион сўм, фуқаролардан тушган мурожаатларга асосан қарийб 214 миллион сўм, “Мурувват” ва “Саховат” уйларидаги кексалар ва эҳтиёжманд фуқароларни ҳамда спорт тадбирлари қатнашчиларини “Маҳалла муруввати” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган кийим-кечак маҳсулотлари билан таъминлаш учун 40 миллион сўм, кўзи ожиз фуқаролар учун 50 миллион сўм миқдорида маблағлар сарфланган.
Тадбир сўнгида жорий йил 2-ярим йиллигида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА