Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Саховат ва кўмак” аҳолига кўмакчи
13:03 / 2023-01-19

Бухоро вилояти Когон туманида ташкил этилган “Тезкор штаб” томонидан ёрдамга муҳтож хонадонларни тезкорлик билан аниқлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Туман ҳокими Муҳиддин Эсонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўрганишларидан сўнг “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан туманнинг “Хўжа якшанба”, “Тунироқ”, “Сиёз-поён”, “Баҳоуддин Нақшбанд”, “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинларида эҳтиёжманд аҳоли вакиллари, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган 80 га яқин хонадонга 15 тонна кўмир ёқилғиси бепул етказиб берилди. Бу билан уларнинг ташвиши бироз бўлса-да енгиллаштирилди.  

“Кўмир таъминот” МЧЖ нинг Когон тумани филиали томонидан узоқ ҳудудлар-қўшни Навоий вилояти Қизилтепа тумани билан чегарадош Тунироқ ва Наврўз маҳаллаларида яна 5 тонна атрофидаги кўмир ёқилғиси арзон нархда етказиб берилиб, аҳолига сотилган.  

Шу кунларда туман ҳокимлиги ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмаси ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан  ҳудуддаги жами 23 та маҳалладан “Темир дафтар”га киритилган, ночор ва қийин шароитда истиқомат қилаётган фуқаролардан 60 нафарига 9 турдаги кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулоти етказиб берилган.  

– Халқимизнинг инсонпарварлигини ана шундай ташвишли ва мададга муҳтож бўлган кунда яна бир бор ҳис қиляпмиз, – дейди Янги қаллуқ қишлоғида яшовчи нафақахўр Искандар Худойбердиев. – Одамларимиз қалбида меҳр-оқибат мангу бўлсин. Бизга ғамхўрлик кўрсатаётган олижаноб юртдошларимизга раҳмат.  

Ўртачўл маҳалласи туман марказидан 23 километр, Нурафшон ва Ўбачўли қишлоқлари ҳам 15-18 километр узоқликда жойлашган. Айни кунда бу аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган юртдошларимиз орасида моддий-маънавий мададга муҳтожлари ҳам етарлича. Шунга қарамасдан, айни кунда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ёрдами уларгача етиб боряпти.  

Ўбачўли ва Ўртачўл қишлоқларининг кам таъминланган ва эҳтиёжманд аҳолиси  учун шу ҳафта бошида маҳалла марказида дошқозонда миллий таом – ҳалим тайёрлаб тарқатилди.

Худди шундай мурувват дастурхони “Сараён” маҳалласида ҳам ёзилди. Шу куни мазкур маҳаллалар гузарларида  арзонлаштирилган нархларда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкиллаштирилди. Ночор оилаларга маҳалла масъуллари томонидан зарур маҳсулотлар бепул етказилди.  

Зариф Комилов, ЎзА