Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида муборак Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Жиззах вилоят сув хўжалиги бошқармаси ташаббуси билан “Шодиёна” тантаналар мажмуасида 300 нафардан ортиқ рўзадор — эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар вакиллари, нуроний отахон ва онахонлар учун ифторлик дастурхони ёзилди. Дастурхон атрофида жамланганларга алоҳида эътибор ва юксак ҳурмат кўрсатилди.


Хайрия тадбири давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.


Тадбир давомида якка ёлғиз кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож беморлар ҳолидан хабар олинди. Самимий мулоқотлар орқали диллар яқинлашди, эзгу тилаклар билдирилди. Шунингдек, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тарқатилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири