Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саховат ва эътиборнинг қадри ўзгача
15:26 / 2023-03-17

Меҳр-саховатнинг катта-кичиги бўлмайди, у доимо қалби ўксик, меҳрга муҳтож кишилар дилига олам-олам қувонч бағишлайди. Яхшилик кўрганларнинг эса уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордан, меҳр-мурувватдан кўнгиллари шод бўлади. Зеро, эъзоз ва эътибор, бир калима ширин сўз ҳеч қачон эсдан чиқмайди, бот-бот ёдга олинаверади.

Президентимизнинг 2023 йил 1 мартдаги “2023 йил Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими ва Нурота туман бўлинмаси томонидан байрам муносабати билан “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида парваришланаётганлар ҳолидан хабар олинди.  

Адизобод қишлоғида жойлашган Нурота “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи 1994 йил ташкил этилган бўлиб, ҳозирда бу ерда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 18 ёшдан ошган руҳиятида оғир нуқсонлари бўлган 225 нафар I ва II гуруҳ ногирон шахслари парваришланиб келинмоқда. Уларнинг 33 нафари I гуруҳ, 192 нафари II гуруҳ ногиронлидир.  

– Кўнгли кемтик, ўзгалар парваришига муҳтож кишилар озгина эътибор ва рағбатнинг қадрини яхши билишади, – дейди интернат уйи ходимаси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Ойша Қиличева. – Интернатимизда парваришланаётганлар учун барча шароитлар яратилган. Шунга қарамасдан улар ҳар куни кимнингдир эшикдан кириб келишини, ҳолидан бир бор бўлса ҳам хабар олишини интиқлик билан кутади. Байрам олди ташкил этилган бугунги учрашув ҳам айни муддао бўлди, десам муболаға бўлмайди. Уларнинг хурсандчилигини, кўзларидаги қувончни кўриб, биз ҳам хурсанд бўламиз.  

Учрашув чоғида меҳмонлар улар билан мулоқотда бўлиб, кўнгилларини шод этди. Учрашув сўнгида барча беморлар учун озиқ-овқат жамланмалари ва кийим-кечаклар тарқатилди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан бу каби хайрли ишлар вилоятнинг бошқа туманларида амалга оширилмоқда.  

А.Бўриев, ЎзА