French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Саховат уйи”даги икки кекса 35 йил деганда турмуш қурди
19:48 / 2022-05-19

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида жойлашган “Саховат уйи”да истиқомат қилувчи икки қария турмуш қурди. 70 ёшни қарши олган Вадим Рязанов ва Роза Цой қарийб 35 йил давомида бир-бирига кўнгил қўйиб келган.

Бу никоҳ ёлғиз кексаларнинг расман биринчи турмуши ҳисобланади.

Вадим Раязанов 1952 йилда Қирғизистон Республикасида туғилган. Тақдир тақозоси билан у Ўзбекистонга кўчиб келиб, шу ерда яшайди. Ўсмирлик пайтларида ўз тенгқури бўлган Роза исмли қиз билан танишиб қолади. Улар бирга турмуш қуришга аҳд қилган паллада қизнинг оила-аъзолари розилик бермайди. Орадан йиллар ўтиб, тақдирнинг оғир синовларини бошдан кечирган икки ошиқ “Саховат уйи”да учрашиб қолади.

- Розани анча йиллардан бери танийман, биламан, бир-биримизни яхши кўрардик, ўша кезларда турмуш қурмоқчи ҳам бўлганмиз, лекин оиласи рози бўлмаган эди, — дейди Вадим Рязанов. — Тақдир тақозоси билан орадан узоқ йиллар ўтгач биз яна дийдор кўришдик.

Иккиси Давлатобод тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига мурожаат қилди. Уларнинг аризаси кўриб чиқилиб, тўлов қобилияти йўқлиги боис, барча харажатлар ФҲДЁ ҳисобидан тўлаб берилди.

“Саховат уйи”да бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокимлиги ва ФҲДЁ бўлими вакиллари, саховат маскани ходимлари иштирокида кекса ёшдагиларнинг никоҳи расман қайд этилди.

Эзгу тилаклар билдирилди, эсдалик совғалари топширилди.

Бу икки инсоннинг севги тарихи никоҳни қайд этиш гувоҳномаси ила янгидан ёзиладиган бўлди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА