Андижон шаҳридаги “Саховат” интернат уйида яшаётган отахон ва онахонларга “Куч – бирликда” фонди томонидан янги йил совғалари топширилди.
Инсон қадрини улуғлаш, кексаларга меҳр-оқибат, эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Қолаверса, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Буни Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ихтисослашган интернат уйида ўтказилган саховат тадбири мисолида ҳам кўриш мумкин.

Саховат тадбирида Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган “Куч-бирликда” фонди масъуллари Вера Раупова, Баҳодир Алламурадов, “Саховат уйи” директори Отабек Исмоилов, меҳнат фахрийси, тадбир ташкилотчиларидан Мая Усмоналиева сўз олиб, отахон ва онахонларни яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан муборакбод этди, уларга соғлик-саломатлик тилади.

Айни кунда “Саховат” уйида 100 нафарга яқин кекса отахон ва онахонлар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти 1- ва 2- гуруҳ ногиронларидир. Муассасада ана шу инсонларнинг яшаши, саломатлигини сақлаш учун зарур барча шароитлар яратилган.
– Муассасада кекса отахон ва онахонларнинг бекаму кўст яшашлари учун барча шароитлар яратилган, – дейди “Саховат” уйи директори Отабек Исмоилов. – Айниқса, уларнинг саломатлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 70 нафар шифокор, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари куну тун уларнинг хизматида.
Бундан ташқари, кексалар ва ногиронларнинг яшаши, саломатлигини тиклаши учун тринажёр зали, физиотерапия, дам олиш, ювиниш хоналари, кутубхона ташкил этилиб, энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
“Саховат” уйига нафақат Андижон вилоятидаги, балки республика миқёсидаги турли ташкилотлар, жамғармалар вакиллари ҳам тез-тез ташриф буюриб, кекса отахон ва онахонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ўксик кўнгилларига қувонч улашиш анъанага айланган.

Тадбир давомида “Саховат уйи”да яшовчи барча нуронийларга янги йил совғалари улашилди.
– “Куч – бирликда” фондининг биз кексаларга кўрсатган саховатидан кўнглимиз тоғдай кўтарилди, – дейди “Саховат уйи”да яшовчи Комилжон ота Турғунов. – Бизга ҳамиша меҳр-эътибор кўрсатаётган ҳукуматимиздан, умуман, кўнглимизга қувонч улашаётган барча яхши инсонлардан беҳад миннатдормиз.
Саховат тадбирида Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби директори ўринбосари Бекзод Тўйчиев раҳбарлигидаги бир гуруҳ устоз ва ўқувчилар томонидан намойиш этилган концерт дастури отахонларга байрамона, хуш кайфият улашди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА