Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саховат ойи
15:10 / 2026-02-25

Рамазон ойида қилинадиган эҳсон ва ёрдам ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди, қалбни поклайди.

Муборак ойда Ижтимоий реестрда турган эҳтиёжманд оилалар аъзоларини даволаш ва жарроҳлик амалиётларини қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этмоқда.

Сирдарё вилояти Гулистон тумани Ишонч маҳалласида истиқомат қилувчи Рауф Курманаевнинг жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ харажатлари “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қоплаб бериладиган бўлди. 5 йилдан буён суяк емирилиши касаллигининг оғир даражаси билан курашиб келаётган фуқарога маҳалла ижтимоий ходими, оилавий шифокор ва маҳалла раиси томонидан махсус ваучер топширилди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 55 мингга яқин оилани моддий қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари Тошкент шаҳрида оғир жарроҳлик амалиётига муҳтож фуқароларга ваучерлар топширилмоқда. Бу ташаббус кўплаб оилалар учун кутилган хушхабар, дард ичидаги инсонлар учун эса янги умид эшигини очмоқда.

Яшнобод тумани Ширинобод маҳалласида истиқомат қилувчи Г.Соатованинг жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ харажатлари “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қоплаб бериладиган бўлди. 38 йилдан буён туғма юрак нуқсон касаллиги билан курашиб келаётган фуқарога Яшнобод тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази директори, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари, маҳалла ижтимоий ходими ва оилавий шифокор томонидан махсус ваучер топширилди.

Ҳар бир топширилаётган ваучер ортида бир инсоннинг соғайиш орзуси, бир оиланинг қувончи ва келажакка бўлган ишончи мужассам. Жараёнлар шаффоф ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилиб, ҳақиқатан ҳам тиббий ёрдамга муҳтож фуқаролар қамраб олинмоқда.

Бу каби эзгу ташаббуслар давом эттирилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА