Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммитида иштирок этаётган Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Сахиба Гафарова саммит ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистонда бундай саммитларнинг ўтказилиши мамлакат дунёда ўз ўрнига эгалигини кўрсатади. Шу билан бирга, аёлларнинг жамиятдаги роли ва гендер тенглик мавзуидаги бу саммит Ўзбекистондаги амалга оширилаётган гендер сиёсатини намоён этади. Турли мамлакатлардан кўплаб аёл спикерлар иштирок этаётгани бу давлатларнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабатини кўрсатади.
Икки кунлик саммит доирасида бир қатор масалаларда фикр алмашилди.

Озарбайжон вакиласи сифатида турли давлатларнинг аёл спикерлари, парламентлар аъзоларининг Ўзбекистон ҳақидаги илиқ муносабатини эшитиш жуда ёқимли. Чунки мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жуда қадимий ва ҳозирги кунда улар жуда юқори даражада. Қолаверса, давлатларимизни умумтурк илдизлари, умумий маданият, анъаналаримиз, қадриятларимиз бирлаштириб туради. Шуни ҳам айтиб, ўтиш керакки, парламентларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳам жуда юқори даражада. Бу ҳамкорлик алоқалар янада мустаҳкамланишига ҳаракат қиляпмиз.
Спикерлар аёл ёки эркак бўлишидан қатъий назар, улар олдида гендер тенглик масаласида катта вазифалар турибди. Бу борада қонунлар қабул қилиниши уларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш керак. Айниқса, аёл спикерлар буни чин дилдан ҳис қилади.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Сенати Раиси Танзила Норбоева бу борада аниқ таклиф ва мулоҳазаларни айтиб ўтди.
Мен ҳам ўз чиқишимда Озарбайжонда гендер тенглик сиёсати борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, парламентимизда фаолият юритаётган аёллар масаласи бўйича қўмита ҳақида батафсил маълумот бериб ўтдим. Тажрибадан кўриш мумкинки, парламентдаги қўмита ва аёллар масаласи бўйича ҳукуматдаги қўмита биргаликда ишласа, гендер тенгликка оид қонунчиликни юзага чиқариш имкониятлари янада кенгаяди.
Гўзал Сатторова, ЎзА