English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Савицкий музейида туркман халқига ошиқ рассом кўргазмаси очилди
17:41 / 2020-12-05

Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида ХХ аср рус рассоми Рувим Моисеевич Мазель таваллудининг130 йиллигига бағишланган «Саҳро сўзлайди» номли кўргазма очилди.

Унда рассомнинг рангтасвир ва графика ишлари намойиш этилди.

Рангтасвир ва графика асарлари билан бир қаторда томошабинлар диққатига музей фондларидан олинган туркман гиламларининг намуналари ҳам намойиш этилди. Маҳорат билан тўқилган шу тарздаги «қўржин», «басқур» ва бошқа гиламларнинг намуналари қадимги даврлардан буён туркман ҳалқининг ҳаёти ва турмушининг ажралмас бўлаги бўлиб, рассомнинг улардан илҳомланган.

– Кўргазма рассом ва унинг ижодининг ўзига хос томонларини кўрсатиш, санъат ихлосмандларини Р.М.Мазельнинг ишлари билан яқиндан таништириш ва тасвирий санъатга бўлган қизиқишларини орттиришга қаратилганибилан аҳамиятлидир, – дейди музей ходими Мийригул Ерекеева. – Р.Мазельнинг асарлари ёрқин бўёқларга ва қизиқарли сюжетларга тўла. Картиналарга қараб туриб чойхонадаги суҳбатларни, мусиқа асбобларининг овозларини эшитиб, тандирдан янги узилган нонларнинг ҳидини сезгандай бўламиз,

Рассом 1890 йил Витебск шаҳрида ишчилар оиласида дунёга келган. Рассомчиликнинг биринчи сабоқларини туғилиб ўсган шаҳрида Ю.М.Пеннинг рассомлик ва рангтасвир мактабида олади. 1906 йил Р.Мазель Петербургдаги Санъатни қўллаб-қувватлаш жамияти мактабида ўқишга киради, 1910-1914 йилларда Мюнхендаги «Бадиий Академия»да таълим олади. 1914 йил Москвага қайтиб келгач армияга чақирилади ва Красноводск, Ашхободга юборилади.

Р.Мазель графика билан чекланиб қолмасдан, 1920 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб рангтасвир картиналарини яратади, китобларга иллюстрациялар ишлайди.

Кўргазмадан рассомнинг музей фондларида сақланаётган юздан ортиқ графика ва рангтасвир асарлари ўрин олган. Р.Мазельнинг графика асарларида шарқ ўлкаси, туркман халқининг санъати, айниқса туркман гиламдўзлик санъатининг декоративлиги ва ноёблигидан илҳомланган таассуротларни ёрқин кўрсатиб берган.

«Саҳро сўзлайди», «Гилам атрофида» серияларидаги графика асарлари бир қараганда сюжетсиз композицияга ўхшайди, лекин уларга яхшилаб назар солсак одамлар, жониворлар, тоғларни кўришимиз мумкин, уларда ўтовни ҳам, от чопиб кетаётган чавандозни ҳам топа оламиз. Графика асарларининг яна бир қисмида «Али Бобо», «Эринчоқ бой», «Икки бола ҳақида» китобларига ишланган ўртача кўламдаги иллюстрациялар ҳам ўрин олган, бу ёрқин асарлар қаҳрамонларнинг бошидан ўтказган қизиқарли саргузаштлари ҳақида сўзлаб беради.

1930-1950 йилларда Р.Мазель Қорақалпоғистон, Доғистон ва Туркманистонда бўлган экспедицияларда қатнашади. Музей тўпламида «Нукус. Бозор», «От арава. Чимбой», «Қорақалпоқ аёллари» ва яна бошқа асарлари ўрин олган бўлиб, улар рассомнинг қорақалпоқ ўлкасига келганидан сўнг яратилган.

Р.Мазельнинг кичкина кўламдаги рангтасвир асарлари ёрқин рангларга ва сюжетларга тўла: «Чойхона шахматчилари», «Нон ёпиш», «Туркманларда меҳмонда» шу ва бошқа кўпгина картиналари шарқ халқининг ҳаёти ва турмушини, маданияти ва урф-одатларини кўрсатибгина қолмасдан, ижодкорнинг шу халққа бўлган илиқ туйғуларини етказиб берган.

Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида графика ишлари билан бирга маҳорат билан яратилган рангтасвир ишлари ҳам сақланиб келинмоқда. Ушбу асарларда биз фақатгина одамлар, табиат, турфа хил ҳаётий воқеаларни кўрибгина қолмасдан, рассомнинг туркман халқига, унинг турмушига бўлган муҳаббатини сезамиз.

Туркманистонга келган вақтларидан бошлаб шарқ мотивлари рассомнинг ижодида асосий ўринни эгаллай бошлади. Р.Мазель 1923 йилга қадар Ашхободда яшаб, у ерда рассомлик мактабини ташкил этади. Унинг шогирдлари таниқли рассомлар Бяшим Нурали ва Ольга Мизгиревалар бўлган. Ўз ҳунарининг устаси бўлган Р.Мазель эркин экспериментлар яритиб, самарали ижод қилади. Туркистон рассомнинг ижод масканига айланади.

Рувим Мазель санъат оламида ўз ўрнига эга рассом бўлиб, унинг асарлари кўплаб таниқли музейларда сақланиб келинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи, Третьяков давлат галереяси, А.С.Пушкин номидаги давлат санъат музейи, Витебскдаги Марк Шагал музейи, Махачкаладаги П.С.Гамзатова номидаги Доғистон санъат музейи ва кўпгина шахсий тўпламлар шулар жумласидандир.

Е.Қаноатов,  М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА