Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон - Британия кенгаши йиғилиши тўғрисида
18:59 / 2021-01-28

Жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари видеоконференция шаклида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон - Британия кенгашининг 25-йиғилиши бўлиб ўтади. Икки давлат ҳукумати ва ишбилармон доираларини бирлаштирувчи ноёб платформа ҳисобланадиган мазкуртадбир Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Халқаро савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан ташкил этилмоқда.

Видеоконференцияда 40 дан ортиқ маърузачи, жумладан, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа халқаро молия институтлари ҳамда тараққиёт бўйича ҳамкор тузилмалар раҳбарияти, вакиллари иштирок этади.

Ялпи мажлис билан бир вақтда бўлиб ўтадиган Буюк Британия ва Ўзбекистон вакиллари иштирокидаги онлайн-музокаралар доирасида икки томонлама инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Учрашувда Буюк Британия делегациясига савдо сиёсати вазири Грег Хэндс, Ўзбекистон делегациясига инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов бошчилик қилади. Мамлакатимиз Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирокчиларга қутлов сўзи йўллаши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, 2019 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланиши савдо-иқтисодий алоқалар ривожига кучли туртки берди. Бўлажак UBTIC учрашуви битим кучга киргандан буён айни шаклда ўтказилаётган илк тадбир.

Сўнгги йилларда Британия ва Ўзбекистон компаниялари UBTIC фаолиятининг экология жиҳатидан тоза энергетика, молиявий хизмат, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари каби ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг тўртта асосий йўналиши бўйича ҳамкорлик кўламини изчил кенгайтирмоқда.

Онлайн конференция иштирокчилари ўзаро алоқа қилиш учун маълумот алмашиш ва “B2B” форматида бизнес-учрашувлар ташкил этиш имконига эга махсус платформадан фойдаланадилар. Конференцияда қатнашиш бепул.

Иштирок этиш истагида бўлганлар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари таклиф этилади:

ЎзА