French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Савдо ва инвестицияда янги имкониятлар: Ўзбекистон – ЕИ форуми
18:36 / 2025-11-26

Тошкент мезбонлигида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” учинчи Иқтисодиёт форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбир 32 давлат, халқаро ташкилот ва бизнес доираларидан 400 дан ортиқ мутахассисни бирлаштирди. Жумладан, тузилманинг халқаро шериклик бўйича комиссари Йозеф Сикeла ва кенгайтириш бўйича комиссари Марта Кочнинг шахсан иштироки форум минтақа иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришда беқиёс ўрин тутишини яна бир бор тасдиқлади.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев очилиш маросимидаги нутқида ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар барқарор ривожланиб, ўзаро ишонч мустаҳкамланаётгани, сўнгги етти йилда савдо ҳажми тўрт баробар ошиб, 54 миллиард еврога етганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ЕИ сўнгги ўн йилда минтақанинг асосий инвестори сифатида намоён бўлмоқда.

Хусусан, GSP ва GSP+ тартиби минтақа давлатлари учун Европа бозорига барқарор кириш имконини яратиб, миллий ишлаб чиқаришни такомиллаштириш имконини бермоқда. Шунингдек, рақамли трансформация ва барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ташаббуслари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

[gallery-26432]

Ж.Хўжаев халқаро молия институтлари фаолиятини ҳам алоҳида эътироф этди. 2024 йил Европа ташқи савдо ташкилоти минтақага рекорд даражада – 2,26 миллиард доллар йўналтирган. Шундан938 миллион доллари Ўзбекистонга тўғридан-тўғри келган. Бундай ҳамкорлик инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

“Enhancing Connectivity” сессиясида мамлакатимиз номидан иштирок этган инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш ва жараённи рақамлаштириш минтақа рақобатбардошлигини оширишда асосий омил эканини таъкидлади.

Анжумандавомида “Fostering Prosperity”, “Business and Investment Climate”, “CRM and Sustainable Value Chains”, “Strengthening Professional Capacities” ва “Regional Integration” йўналишлари бўйича муҳокамалар ўтказилди.Бу борада инвестицияни рағбатлантириш, қиймат занжирини мустаҳкамлаш ва инсон капиталини кучайтириш бўйича амалий чораларга алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этиш жоиз, охирги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ муносабати кенгайтирилган стратегик шериклик босқичига чиқмоқда. Савдо кўлами кенгайиши, сармоя ҳаракати фаоллашуви ва мустаҳкам институционал ҳамкорлик ривожланиши мамлакатимиз иқтисодиёти учун янги имкониятлар очмоқда. Масалан, GSP+ режими экспортчиларимиз учун Европа бозорига имтиёзли кириш имконини яратади. Келгусида томонлар инфратузилмани такомиллаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, таълим, илм-фан дастурлари ҳамда янги инвестиция лойиҳалари амалга оширишни режалаштирмоқда. Шу тариқа, сиёсий ирода ва стратегик шериклик туфайли Ўзбекистон – ЕИ алоқалари янги, барқарор босқичга кўтарилмоқда.

Мусулмон Зиё, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА