English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар билан учрашув
13:23 / 2021-08-05

Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг кутилаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Унда 20 га яқин тадбиркор иштирок этди.

Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларни “Очиқ мулоқот”га тайёргарлик жараёни билан таништириш, келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш жараёни билан танишиш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Қайд этиш лозим, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказадиган “Очиқ мулоқот”ини ташкил этиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида республика штаби ташкил этилиб, 24/7 режимида иш фаолиятини амалга ошириш учун ҳар бир вазирлик ва идоралардан 3 нафардан мутахассис жалб қилинди.

[gallery-3289]

Тадбиркорлик соҳасида келиб тушаётган таклиф ва масалаларни йўналишлар бўйича таҳлил қилиш учун штаб таркибида 7 та кичик гуруҳ, шунингдек, “Президентга таклифлар” дастурини ёритиш ва ижтимоий тармоқларда билдирилаётган айрим мулоҳазалар билан ишлаш бўйича алоҳида гуруҳ ташкил этилди.

“Президентга таклифлар” дастури доирасида тадбиркорлик соҳасидаги таклифларни қабул қилиш бўйича Палатанинг ягона “Call markazi”да (78) 150-60-06 рақамли ва Бош вазир қабулхонасида 11-00 қисқа рақами ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали таклифларни қабул қилиш гуруҳи ташкил этилди. Бунга 40 дан ортиқ ходим бириктирилди.

Бугунги кунга қадар ушбу барча манбалардан 17 та классификатор бўйича жами 10 минг 623 та таклиф, фикр ва муаммолар келиб тушган. Келиб тушаётган таклифларни тизимлаштириш, жумладан, таҳлил қилиш мақсадида taklif.chamber.uz интеграцион платформаси яратилди.

Тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлар 3 та асосий тоифага ажратиб олинмоқда. Келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисми, яъни 41 фоизи бизнесни кредитлаш ва субсидия бериш, 19 фоизи ер ажратиш ва 4 фоизи рухсатнома ва лицензиялар бериш, сертификатлаштириш билан боғлиқ ҳисобланади.

Индивидуал мурожаатлар ечимини таъминлаш мақсадида Республика штаби барча манбалардан келган индивидуал мурожаатларни кунма-кун тезкор кўриб чиқиш ва ижобий ечимини таъминлаш учун ҳар бир вилоятда ташкил этилган ҳудудий штабларга йўналтирмоқда. Бугунги кунга қадар 9 минг 292 та индивидуал мурожаат ижрога йўналтирилган. Шундан 39 фоизи ижобий ечим топди.

Тадбир якунида иштирокчилар Палатанинг ягона “Call markazi” иш фаолияти билан танишдилар.

 

 

Нурилло Насриев, ЎзА