Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Савдо-саноат палатаси – тадбиркорлар ҳимоячиси
19:50 / 2017-08-24

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан “Тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг янги тартиб тамойиллари: тажриба, амалиёт ва муаммо” мавзуида сўнгги икки ой мобайнида бажарилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан “Тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг янги тартиб тамойиллари: тажриба, амалиёт ва муаммо” мавзуида сўнгги икки ой мобайнида бажарилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов ва бошқалар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида, биринчи навбатда, ортиқча текширувлар бекор қилиниб, тадбиркорларга кўпроқ эркинлик яратилаётгани, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этишнинг янги тизими йўлга қўйилганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вазифалари, фаолият йўналишлари ва ваколатлари кенгайтирилиб, у том маънода тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб иш юритадиган, бизнес фаолиятида дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда яқиндан ёрдам берадиган ташкилотга айлантирилди.

Тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида палатага келиб тушган ишбилармонларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Судларга тақдим этилган шикоят аризаларининг тўқсон фоизи қаноатлантирилди.

Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган ҳакамлик судлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 700 дан ортиқ иш кўриб чиқилди.

Савдо-саноат палатасида дипломатик корпус, хорижий ташкилот ва компаниялар вакиллари билан мунтазам учрашувлар ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг сўнгги икки ойида 122 тадбиркор халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

– Тадбиркорларнинг билимини ошириш масаласига палата томонидан алоҳида эътибор қаратилаётир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж.Ўроқов. – Шу мақсадда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказиб келинаётган ўқув-семинарлар, давра суҳбатларида экспорт фаолиятининг ҳуқуқий ва амалий асослари, маҳсулотни сотиш мумкин бўлган хорижий бозорлар, ҳамкорлар топишнинг қоида ва тартиблари, ишбилармонлик ҳужжатларини тузиш ҳақида маълумотлар тақдим қилинмоқда. Жорий йилда 18 тадбиркор Германияга малака ошириш учун юборилди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.