Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Савдо-саноат палатаси: пандемия шароитида ҳам ташқи иқтисодий алоқалар тўхтагани йўқ
16:09 / 2021-01-02

2020 йил инсоният учун кутилмаган, синовли йил бўлди, десак хато бўлмайди. Ҳаммамиз пандемия шароитида ишлаш ва яшашнинг ўзига яраша қийинчилиги, мураккаблигига гувоҳ бўлдик. Шунга қарамай, давлатимиз томонидан кўрилган тезкор чоралар сабаб иқтисодиётимиз барқарор ўсиш даражаси сақлаб қолинди. Бу ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Тадбиркорларимиз пандемия шароитида ҳам хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни тўхтатмай, экспорт кўрсаткичларини пасайтирмасликка ҳаракат қилди. Бу борада уларга Ўзбекистон Савдо-санат палатаси яқин кўмакчи бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Фикримиз далили сифатида шу йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси (WCC-APR)нинг 38-Бош ассамблеяси бўлиб ўтганини келтириш мумкин.

Мазкур тадбирда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Рози Гринлиц, Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси президенти Гада Ҳижжави-Қаддуми ҳамда 30 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этгани анжуман нуфузи юқори эканини кўрсатди.

Бош ассамблеяда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси президентлигини 2021-2024 йиллар мобайнида Ўзбекистонга ўтказилишини тасдиқлаш, Ҳайъат мажлисларини ўтказиш ҳамда халқаро симпозиум, кўргазмалар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.

Учрашув иштирокчилари ҳунармандлик Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари маданияти ва саноатида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек улар Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантириш, хусусан ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш, ушбу соҳанинг жамиятдаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда Ҳунарманд уюшмаси аъзолари аввалги йил билан солиштирганда 14 фоизга ошди. Шубҳасиз, бу янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги фармонига мувофиқ, ҳунармандликни ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида кредит ажратилган бўлса, 2020 йил апрель ойига келиб айни мақсадга қўшимча яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Ҳунармандлар томонидан яратилган янги иш ўринлари ўтган йилга нисбатан сезиларли равишда ошганини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Онлайн шаклда ўтказилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси президенти лавозимига тасдиқланди.

Тадбир доирасида Тошкентда юртимиз ҳунармандларининг онлайн-кўргазмаси ташкил этилди.

Савдо-саноат палатасида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги" лойиҳаси очилиши ҳам мазкур йўналишда йилнинг муҳим воқаларидан бири бўлди. Тадбир Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди, чунки мазкур лойиҳа юртимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда хорижий тажрибадан, замонавий технологиядан унумли фойдаланишга кенг имконият очиб беради. Айни жараён Ўзбекистондаги кичик корхоналарга ресурс самарадорлигини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш, маҳаллий маслаҳатчиларни ўқитиш, агро-кластер тизимини қўллаб-қувватлаш, тренинг ва семинар ташкил этиш каби қатор мақсад ва вазифаларни кўзлайди.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қўшни мамлакатлар, жумладан Афғонистон билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларга Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор аҳамият қаратилмоқда. Кейинги йилларда ушбу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яқинда Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашув ҳам юқоридаги фикримизга далил бўла олади.

Учрашувда савдо ва инвестиция, банк, божхона ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш томонларнинг умумий мақсади экани, хусусан, Ўзбекистон ва Афғонистон компаниялари ўртасида шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича ишлар бошлангани қайд этилди.

Жорий йилнинг ўн ойида икки давлат ўртасида амалга оширилган 611 миллион долларлик савдо-сотиқ ҳам ҳамкорлик истиқболи кенг эканини кўрсатади.

Ўзбекистон – Озарбайжон ишбилармонлари ўртасига ҳамкорлик ҳақида ҳам худди шундай илиқ фикр билдириш мумкин. Зеро, бу икки қардош мамлакат тадбиркорлари ишонч ва дўстликка асосланган иқтисодий алоқаларини кенгайтиришдан ҳар томонлама манфаатдор.

Учрашувда Ўзбекистоннинг туризм, фармацевтика саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ютуқлари намойиш қилинди.

Ўз навбатида, Озарбайжон томони мамлакатнинг ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий имконияти ҳамда Тоғли Қорабоғнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот тақдим этди.

Мажлисда икки давлат ўртасидаги амалий ва узоқ муддатли ўзаро ҳамкорликни, минтақалар, йирик шаҳарлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш имконияти муҳокама қилинди. Сайёҳлик ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи кўриб чиқилди.

2020 йил 28 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ҳиндистоннинг “FICCIi” ташкилоти ҳамкорлигида “Ҳиндистон-Марказий Осиё” II ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам, энг аввало, икки юрт тадбиркорлари ҳамкорлигини янада кенгайтиришдир.

Мазкур тадбирда томонлар ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни камайтириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ҳамкорлигини ривожлантириш учун қулай шароит яратиш зарурлигини таъкидлашди.

Онлайн форматда ташкил этилган мазкур учрашувда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, бизнес юритиш учун қулай шароит яратиш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашувда очиқ мулоқот олиб бориш, истиқболли лойиҳалар ва келишувлар ишлаб чиқиш, чуқур ҳамкорлик учун ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилаш мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги шерикликнинг самарали шаклини аниқлашга имкон бериши билан муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси ҳамкорлигида 21 октябрь куни онлайн шаклдаги Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес форуми ҳам ташкил этилди.

Мазкур бизнес форум тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, халқаро савдо учун қулай шароит яратиш ва Ўзбекистонда бизнес юритиш учун инвестиция ва хорижий шерикларни жалб этиш мақсадини кўзлагани билан эътиборлидир.

Анжуманда иштирокчилар савдо ва инвестиция соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан суҳбатлашдилар. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида йўлга қўйилган кўп йиллик ишончли ҳамкорлик ҳам пандемия шароитига қарамй, изчил давом эттирилди. Жумладан, шу ойнинг ўрталарида Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ишбилармон доиралари иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган бизнес-форум ўтказилди.

Тадбир давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортбоп товарларни хорижий давлатларга етказишга қаратилган ташаббусларини амалга ошириш иштирокчилар диққат арказида бўлди.

2021 йил бошида Саудия Арабистони ишбилармонларининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилмоқда. Ҳамкор томон юртимизда нафақат қишлоқ хўжалиги соҳасини, балки озиқ-овқат, балиқчилик, чорвачиликни ҳам биргаликда ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Саудия Арабистони ва мамлакатимиз тадбиркорлари ҳамкорлиги тобора кенгайиб бораётгани бежиз эмас, албатта. Зеро, ҳамкорларимиз давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, бу борадаги изчил ислоҳотлардан яхши хабардор. Қолаверса, ушбу давлат қабул қилган “Нигоҳ-2030” стратегиясида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Улар Ўзбекистонда етиштирилаётган мазали, юқори сифатли мева-сабзавотларни импорт қилишга тайёр.

Саудия томони икки давлат ишбилармонлар кенгашини тузиш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш таклифи билан чиққани уларнинг Ўзбекистонга нисбатан ишончи, эътирофидан дарак.

Мазкур форум мамлакатимиз ишбилармонлари томонидан Саудия Арабистони бозорига чиқиш сари қўйилган яна бир ишончли қадам бўлди, дейиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, пандемия шароитига қарамай, Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик ва ҳунармандликни ривожлантириш борасида тизимли ишларни олиб бормоқда. Давлатимиз томонидан кўрилган тезкор чоралар эса иқтисодиётимиз барқарорлигини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этганини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Саидмурод Раҳимов, ЎзА