Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган «Ўзбeкистон Рeспубликаси Савдо-саноат палатаси фаолиятининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан Савдо-саноат палатасига бир қатор ваколатлар бериш таклиф этилмоқда.
Хусусан, Палатанинг ҳукуматга бизнеснинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки уни чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни бериш, ташкилот аъзоларининг манфаатларини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш, шунингдек, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни тўғридан-тўғри Бош вазирга киритиб боришга оид ваколатлари қонун даражасида белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Палата вакиллари халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари ва ҳокимлар билан ҳудуддаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати, тадбиркорлик соҳасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг ижроси натижадорлиги бўйича танқидий муҳокамалар ўтказиб бориш ваколатига эга бўлиши белгиланмоқда. Тадбиркорлар билан жойларда тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Палатанинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида жамоатчилик асосида Тадбиркорлик кенгашлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Муҳокамаларда бир қатор нормалар бўйича савол ва эътирозлар ўртага ташланди. Масалан, Палата юртимизда ва халқаро ташкилотларда барча тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши белгиланмоқда. Бу ўринда савол туғилди: Палатага аъзо бўлмаган тадбиркорларчи, улар ҳам ҳимоя қилинадими?
Тадбиркорлик субъектлари, уларнинг таркибидаги уюшмалар, бирлашмалар ва фондлар Палатага алоҳида-алоҳида аъзо бўлиши лозимлиги назарда тутиляпти. Бу билан тадбиркорлик субъектининг ўзи ҳам, бирлашмаси ҳам алоҳида аъзолик бадали тўлашига тўғри келади ва бу тадбиркорлик субъектларига оғирлик қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, Савдо-саноат палатасига қатор ваколатлар бериляпти, аммо унинг фаолияти бўйича ҳисобдорлиги масаласи очиқ қолган. Масъуллар бунга жавобан Палата Адлия вазирлиги олдида ҳисобдор эканлигини айтди. Аммо депутатлар фаолият бўйича ҳисобдорлик белгиланиши лозимлигини таъкидлади.
Қизғин баҳс-мунозараларда қонун лойиҳасидаги айрим нормалар депутатларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Қонун лойиҳаси етарли овозлар сонини тўплай олмагани сабабли Қонунчилик палатаси томонидан
рад этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА