Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саудияда “табиат устида эмас, балки табиат атрофида” “ақлли шаҳар” бунёд этилади
20:47 / 2023-08-24

2016 йилда Саудия Арабистон валиаҳд шаҳзодаси, Вазирлар маҳкамаси раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ташаббуси билан Подшоҳликнинг “Нигоҳ -2030” (“Vision 2030”) стратегияси амалга оширишга киришилди.

Мазкур стратегия нефть хом-ашёсига қарамликни максимал даражада камайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу аниқ ва мустаҳкам пойдеворга қурилган тизимли режа бўлиб, унинг контекстида Подшоҳликнинг кучли томонларидан – ноёб стратегик мавқеи ва улкан сармоявий қудратидан фойдаланиш учун барча соҳаларда бир қатор мега лойиҳалар ва инвестицияларни амалга ошириш каби жиддий ниятлар мавжуд.    

"Мамлакатимиз катта сармоявий салоҳиятга эга. Биз уни иқтисодий восита ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун қўшимча манбага айлантириш устида ишламоқдамиз", дейди валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин  Салмон Ол Сауд. Унинг қўшимча қилишича, Подшоҳлик ўзининг мавжуд  салоҳияти — ажойиб стратегик мавқеи, инновацион инвестиция имкониятлари ва Араб-Ислом оламидаги ўрнидан фойдаланиш учун доимий саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

“Нигоҳ – 2030” стратегиясини амалга оширишга киришилганига етти йил вақт ўтди. Таҳлилчиларнинг фикрича, шу вақт ичида кўплаб мақсадларга эришилди. Иқтисодиёт ва жамият фаолияти даражасида аниқ натижаларга эришишга ёрдам берадиган трансформацион имкониятлар мажмуаси шакллантирилди ва келажакда муваффақиятга эришиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Миллий инвестиция стратегиясининг эълон қилиниши муносабати билан Шаҳзода Mуҳаммад бин Cалмон ўз нутқида шундай деган эди: "Бугун Подшоҳлик янги инвестиция босқичини бошлади, бу маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари сони ва сифатини сезиларли даражада оширади.  

Шундай қилиб, биз мамлакат иқтисодиёт тармоқлари учун кўпроқ имкониятлар яратамиз. Ҳеч шубҳа йўқки, инвестициялар мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва диверсификация қилиш ва унинг барқарорлиги, технологияларни узатиш ва маҳаллийлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, турмуш даражаси, иш ўринларини яратиш, касбий ривожланиш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш “Нигоҳ 2030” мақсадларига эришишнинг асосий омилларидан биридир”.

“Нигоҳ 2030”  доирасида инвестиция иқтисодий ва барқарор ривожланиш тизимидаги энг муҳим ва асосий элементлардан бири эканлигини таъкидланади. Шу мақсадда  2030 йилгача маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун  12  триллион Саудия риалини (таҳминан 3,2 млрд АҚШ доллари) ажратиш режалаштирилган.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги аҳоли сонининг кўпайиши натижасида юзага келаётган экологик муаммоларни дунё мамлакатлари билан баҳам кўради ва иқлим ўзгариши сабабларини бартараф этиш, ихтисослашган ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган халқаро дастурлар доирасида халқаро стандартлар ва битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун ҳар томонлама ҳаракат қилади. Инсон имкониятларини кенгайтириш, ер сайёрасини сақлаб қолиш орқали кучли, инклюзив, мувозанатли ва барқарор иқтисодиётни таъминлайдиган шароитларни яратиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва XXI аср имкониятларини ҳамма учун амалга ошириш учун янги уфқлар яратишни мақсад қилган.  

Подшоҳлик томонидан қабул қилинган энг муҳим мега лойиҳалар ва ташаббуслар орасида иқлим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида “Яшил Саудия Арабистони”  ва “Яшил Яқин Шарқ”  ташаббусларини алоҳида кўрсатиб ўтиш керак.  

Шаҳзода лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун Подшоҳлик томонидан  2,5 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратилишини эълон қилди.  

Саудия Арабистони Подшоҳлигида яқин ўн йилликда 10 миллиард дарахт экилади, бу 40 миллион гектар ерни тиклаш демакдир. Бу дарахтлар билан қопланган ҳозирги майдонни 12 баробар оширади. Подшоҳлик, шунингдек, қўриқланадиган табиий ҳудудлар улушини ўз майдонининг 30 фоизидан кўпроғига ошириш бўйича иш олиб боради(бу ҳозирда 600 минг квадрат километрга баҳоланмоқда).

“Яшил Саудия Арабистони” ташаббуси Подшоҳликнинг 50% электр энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлайдиган қайта тикланадиган энергия лойиҳалари орқали углерод чиқиндиларини глобал ҳиссанинг 4% дан кўпроғига камайтириш учун ишлайди.

Бундан ташқари, минтақада нефт қазиб олишда қўлланиладиган технологиялар самарасиз экани таъкидланади. Подшоҳлик минтақа мамлакатлари билан билим ва тажрибани ўтказиш учун ишлайди, бу эса минтақада нефт қазиб олишдан углерод чиқиндиларини 60% дан кўпроқ камайтиришга ёрдам беради.

Миллий инвестиция стратегияси миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва даромад манбаларини диверсификация қилишда муҳим рол ўйнайди. Шунингдек “Нигоҳ 2030” стратегиясининг кўплаб мақсадларини амалга оширади. Жумладан, мамлакат ЯИМда хусусий сектор улуши 65 фоизга, тўғридан тўғри хорижий сармоялар ЯИМнинг 5,7 фоизигача, нефть бўлмаган маҳсулотлар экспорти ЯИМнинг 16 фоизидан 50 фоизгача кўпайиши, ишсизлар сони 7 фоизга камайиши кўзда тутилган.  2030 йилга бориб Саудия Арабистони  Глобал Рақобат индекси бўйича ўнталикка киришни мўлжалламоқда.

Саудия Арабистони иқтисодий ва ривожланиш Кенгаши (CEDA) 2030 йилгача амалга ошириш учун муҳим қадамларни аниқлаш ва кузатишни бошлади. CEDA энергетика, молия, уй-жой, ҳаёт сифати ва транспорт каби турли соҳаларни қамраб олувчи “Vision Program” дастурлари деб номланган 13 та дастурни яратди.

Мамлакат шимолий ғарбида қиймати 500 миллиард долларга тенг Neom “ақлли шаҳри”ни барпо этиш кўзда тутилган. Neom юнонча neos(янги), ва арабча mustaqbal (келажак) сўзларидан ташкил  топган бўлиб “Янги истиқбол” деган маънони англатади.  

Янги шаҳар ўзининг солиқ ва меҳнат қонунлари ҳамда автоном суд тизимига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, Neom глобал бизнес марказига айланади. Бу ер инсоният тараққиётини жадаллаштириш учун илғор технологияларни ўрганиш, жорий этиш ва тижоратлаштириш имкониятига эга бўладиган инновациялар марказига айланади.  

Улкан, узлуксиз шаҳар камари ғарбда Қизил денгиз соҳилини, шарқда тоғлар ва водийларни боғлайди. Шаҳарда табиат, яшаш, соғлиқ ва жамоатчилик билан алоқаларга эътибор қаратилади. Шаҳарнинг бош режасида қурилишлар “табиат устида эмас, балки табиат атрофида” олиб борилиши кўзда тутилган. Шаҳар келажакдаги ўзгаришлар учун намуна бўлиб хизмат қилади.  

 Шарофиддин Тўлаганов