Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саудия Фаластин масаласида халқаро форум ўтказди
11:19 / 2024-06-11

ИҲТ ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC ёзишича, Жаҳон мусулмонлар лигаси Бош котиби, Шайх доктор Муҳаммад бин Aбдулкарим Aл-Исса ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа бошчилигида “Оммавий ахборот воситалари ва Фаластин ҳуқуқи: Фаластинни тан олиш ташаббусларини амалга ошириш учун амалий қадамлар” мавзусида халқаро форум ўтказилди.

Халқаро медиа федерациялари, ахборот агентликлари раҳбарлари, дипломатлар, зиёлилар иштирокида онлайн шаклда ташкил этилган анжуманда икки нуфузли ташкилот томонидан халқаро ОАВни Фаластин масаласида қўллаб-қувватлашга қаратилган 11 ташаббус илгари сурилди.

Вебинар доирасида халқаро резолюцияларга риоя қилиш билан боғлиқ оммабоп саъй-ҳаракатларни кузатиш ва ҳужжатлаштиришга ихтисослашган интер фаол медиа платформа яратиш, мавзу бўйича даврий ҳисоботларни нашр этиш ва дунё бўйлаб турли мамлакатлар ташаббуси, эълонларини тарқатишни фаоллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Фаластин билан боғлиқ онлайн қўлланма шакллантириш таклиф қилинди.

“Журналистлар тинчлик учун” ташаббусида бутун дунё бўйлаб мутахассислар ва фаоллар тинчлик йўлида Фаластин муаммосини адолатли ва кенг қамровли тарзда ҳал қилишга ёрдам берадиган тадбирлар, кампаниялар уюштириш, медиа стратегия яратиш лозимлиги қайд этилган. Ёки ўтган йил ноябрь ойида эълон қилинган “UNA мукофоти” доирасида Фаластин масаласи қўллаб-қувватланган, шу ҳақда ишончли маълумот тарқатишга ҳисса қўшган энг яхши журналистик асарларни тақдирлаш, айни йўналишдаги халқаро саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида иш олиб борилаётгани ҳам эътироф этилди.

МЖЛ Бош котиби Шайх доктор Муҳаммад бин Aбдулкарим Aл-Исса Ғазодаги воқеалар профессионал ва холис ёритилишига эришиш, жабрдийдаларни қўллаб-қувватлаш, золимларни тийиш ва мавжуд стандартларга риоя қилинишини таъминлашда халқаро ҳамжамият жипслиги самара беришини қайд этди.

ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тегишли резолюцияларига мувофиқ, Фаластин давлати тан олинишига эришиш учун халқаро даражада стратегик иш олиб бориш муҳимлигини таъкидлади.

Фаластин расмий ОАВ бош назоратчиси, вазир Aҳмад Aссаф Фаластин давлатининг Испания, Ирландия, Норвегия ва Словения томонидан тан олиниши глобал уйғонишдан дарак эканини таъкидлади.

Форум доирасида экспертлар, халқаро медиа уюшмалари раҳбарлари томонидан қатор мавзулар таҳлил қилинди. Жумладан, “Фаластин давлати тан олиниши ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича ОAВ ҳамкорлигида амалий қадамлар”, “ОAВ терминологияси ва қонуний ҳуқуқни қўллаб-қувватлаш”, “Фаластин халқи”, “Тинчлик журналистикаси ва халқаро инқирозни ҳал қилишда ОАВ ролини ошириш” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА