Исроил билан кўп йилдан бери “чиқиша олмаётган” Эрон Ислом Республикаси сўнгги воқеалар асносида ўзига “ҳақиқий дўстларни” саралаб олиши табиий ҳолдек кўринади.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашгани ҳам фикримизни исботлаши мумкин.
Икки амалдор кеча тушдан кейин, ЭИР бош дипломати минтақага сафари доирасида Подшоҳлик пойтахтига келганидан бир неча соат ўтиб музокара олиб борди.
Эрон ТИВ матбуот котиби Исмоил Бағоий ижтимоий тармоқ орқали тарқатган хабарга кўра, учрашув кун тартибидан Теҳрон ва Ар-Риёд ҳамкорлиги, минтақавий муаммолар, жумладан Ғазо уруши муҳокамаси ўрин олган.
– Улар икки томонлама муносабатдаги ижобий тенденция давом этаётганидан мамнунликларини билдириб, шерикликни янада ривожлантириш зарурлигини маъқулладилар, – деб ёзган манба. – Минтақадаги вазият муҳокама қилиниб, Ғазодаги, Ливандаги геноцидни, урушни тўхтатиш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорлик зарурлиги таъкидланди.
Суҳбат олдидан Арақчий Саудия ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон билан ҳам “самарали музокара” ўтказиб, минтақа, айниқса Исроилнинг шиддатли ҳужуми давом этаётган Ғазо ва Ливандаги вазиятни муҳокама қилган.
Ҳамкасблар халқаро ҳамжамиятни урушларни тўхтатишга чақириб, кўчирилган одамларга зудлик билан гуманитар ёрдам етказилишини талаб қилган.
Дарвоқе, Арақчий Саудия Арабистонига ташрифини Ғарбий Осиёда кескинлик юқорилигича қолаётган бир пайтда уюштирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА