Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти кенгайиб, дунёнинг кўплаб давлатларига ҳўл мевалар етказиб бериш ҳажми ошмоқда ва узоқ муддатли ҳамкорлик занжири мустаҳкамланмоқда.
Саудия Арабистони бозорларига Ўзбекистонда етиштириладиган ҳўл меваларни сифатли етказиб бериш борасида Макка шаҳрида “Al Moatasem Trading Group” раҳбари Моатасем Абдуллаҳ Ҳусаин Абузинадаҳ билан расмий учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида маҳсулотларни барқарор етказиб бериш, сифат ва логистика жараёнлари бўйича фикр алмашилди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотида.
Таъкидлаш жоизки, 1985 йилда ташкил этилган “Al Moatasem” гуруҳи Саудия Арабистонида ҳўл мева ва сабзавотлар импорти бўйича етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компания дунёнинг турли мамлакатларидан янги маҳсулотларни олиб кириб, уларни замонавий логистика тизими асосида сақлаш, саралаш ва етказиб бериш билан шуғулланади.
Компаниянинг асосий йўналиши – янги ҳўл мева-сабзавотлар импорти ва уларни ресторанлар, меҳмонхоналар, аэропортлар, шифохоналар ҳамда мамлакатнинг йирик марказий бозорларига тарқатишдан иборат.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини инобатга олган ҳолда ҳўл мевалар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
А.РУСТАМОВ, ЎзА