English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саудия Арабистони ва Дубайдан 5000 дан ортиқ ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди
11:08 / 2026-03-05

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, Саудия Арабистони ва Дубайдан 5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди. Репатриация рейслари ҳозир ҳам давом этмоқда.

Маълум қилинишича, 28 февралгача Саудия Арабистонининг Мадина ва Жидда шаҳарларидан 21 та авиарейс орқали жами 4948 нафар йўловчи Ўзбекистонга олиб келинган. Шунингдек, Дубайдан 235 нафар фуқаро Ватанга қайтарилган.

Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани сабабли қатор давлатлар ҳаво ҳудуди 28 февралдан бери ёпиқ қолмоқда. Маълумотларга кўра, ўша куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига авиазарбалар берган, Эрон эса бунга жавобан Исроил ва минтақадаги бошқа объектларга ҳужум қилган.

Шу сабабли 28 февралдан 2 мартгача Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Кувайт ва Исроилдан 1681 нафар йўловчи Ўзбекистонга учиб кела олмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Транспорт вазирлиги маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда фуқароларни ватанга қайтариш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиққан. Ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш мақсадида «Ўзавиация» агентлигида туну-кун ишлайдиган штаб ташкил этилган.

Вазият доимий ўзгариб бораётгани ва минтақа давлатлари авиация маъмуриятлари билан олиб борилаётган музокаралар натижаларини ҳисобга олган ҳолда авиакомпаниялар учун махсус талаблар белгиланди.

2 мартдан бошлаб Ўзбекистондан Яқин Шарқ мамлакатларига ва у ердан ортга барча йўловчи рейслари вақтинча тақиқланди. Шунингдек, умра зиёрати дастури ҳам вақтинча тўхтатилди. Ҳозирда фақат фуқароларни ватанга қайтаришга қаратилган репатриация рейсларига рухсат берилмоқда.

Транспорт вазирлиги бундай рейслар ҳақида маълумот олиш учун фақат авиакомпаниялар ваколатхоналарига мурожаат қилишни тавсия қилди. Шу билан бирга, сўнгги кунларда фуқароларни олиб чиқишни ваъда қилиб, пул талаб қилаётган шахслар фаоллашгани ҳақида огоҳлантирилди.

Йўловчиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида «Ўзавиация» агентлигида колл-марказ ташкил этилган. Мурожаат қилиш учун телефон рақамлари: +998 78 120 00 72, +998 71 200 07 65.

Ш. Маматуропова, ЎзА