Саудия Арабистони Теҳронга янги элчи тайинлади
Саудия Арабистони Эронга янги элчи тайинланганини эълон қилди. Бу ҳақда Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён баёнот берди.
Мулозимнинг “Саудия Арабистони Эронга янги элчи тайинланишини маълум қилди, биз ҳам тез орада Ар-Риёдга дипломатик вакилимизни юборамиз”, деган сўзларини “Tasnim” агентлиги иқтибос сифатида келтирган.
- Бир неча ҳафтадан бери элчихона ва Бош консуллик очилишига тайёргарлик кўряпмиз, - дея қўшимча қилган вазир.
10 март куни Эрон ва Саудия Арабистони икки ой ичида дипломатик муносабатни тиклаш ва ўзаро элчихоналар очишга келишиб олган эди. Икки давлат вакиллари Пекинда музокара олиб бориб, шу ҳақда баёнот берганди.
Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги муносабат 2015 йил март ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яманда ҳарбий амалиёт бошланиши туфайли бузилган эди.