Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саудия Арабистони компаниялари билан умумий қиймати 15 миллиард долларлик шартномалар имзоланиб 14 та қўшма лойиҳа амалга оширилади
09:56 / 2022-09-30

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазири Тавфиқ ибн Фавзан ар-Робия билан учрашди.

Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг Ҳаж ва Умра зиёратларини янада мазмунли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани эътироф этди. 

Шунингдек, сиёсий, иқтисодий ва туризм соҳаларида муносабатлар фаоллашганини юқори баҳоладилар.

Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг август ойида Саудия Арабистонига ўтган 30 йил давомида биринчи тарихий ташрифи Подшоҳлик билан ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро муносабатларни мутлақо янги босқичга кўтариш учун туртки бўлгани таъкидланди.

Хусусан, ташриф давомида Саудия Арабистони компаниялари билан умумий қиймати 15 миллиард долларлик шартномалар имзоланиб, энергетика, кимё, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, фармацевтика, инфратузилмавий қурилиш ва бошқа соҳаларда 14 та қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо масалалари кўриб чиқилди. Томонлар Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги савдо алоқаларини янада ривожлантириш, яъни етказиб бериладиган товарлар турларини кенгайтириш, транспорт-логистика алоқаларини кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини қайд этилди.

Ўзбекистонликларнинг Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Томонлар 2018 йил октябрь ойидан Умра квоталари бекор қилинганини қайд этди. Бу эса авваллари бундай имкониятни узоқ вақт кутишга мажбур бўлган аҳолининг ниятларини амалга ошириш учун шароит яратди. Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг чегара ва божхона назоратидан ўтиши, биометрик маълумотларни электрон рўйхатга олиш шартларини оптималлаштириш жараёнини фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунлари бўйича муҳокама қилинган барча масала ва ташаббусларни жадал ҳаётга татбиқ этишга келишиб олинди.

 

Г.Сатторова,
ЎзА