Юртимизда меҳмон бўлиб турган Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонларни Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди. Шу ерда кечган суҳбат чоғида Саудия Арабистони шаҳарлари ва Самарқанд ўртасида зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, бу борада ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Уларга ушбу муқаддас масканда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Мажмуа очилгач, бу ерда зиёратчилар учун халқаро талабларга мос қулайлик ва имкониятлар яратилиши таъкидланди.
Саудиялик меҳмонлар Самарқанддаги бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар ва янги объектлар билан ҳам танишди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА