Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
SAT халқаро имтиҳонини Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида топшириш имконияти яратилади
16:30 / 2026-01-27

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги делегацияси АҚШда жойлашган “College Board” ташкилотига ташриф буюрди. Мазкур ташриф доирасида халқаро имтиҳонларни ташкил этиш, уларнинг қамровини кенгайтириш ҳамда талабгорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича муҳим музокаралар олиб борилди.

Учрашувлар якунига кўра, SAT халқаро имтиҳонини топшириш жараёнини янада соддалаштириш ва оммалаштириш мақсадида ушбу имтиҳонни республика бўйлаб барча ҳудудларда ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.  

Бу қарор абитуриентларга имтиҳонни ўз яшаш ҳудудида топшириш имконини бериб, ортиқча вақт ва молиявий харажатларни камайтиришга хизмат қилади.

Айни пайтда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг 13 та ҳудудий бўлимида SAT имтиҳонига рўйхатдан ўтиш жараёни бошланди.  

Мазкур ташаббус ёшларнинг халқаро таълим имкониятларидан фойдаланишини кенгайтириш, шунингдек, уларнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига кириш имкониятларини оширишга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА