Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сарвариликлар замонавий оилавий шифохонага эга бўлди
12:23 / 2024-08-30

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Сарвари” оилавий шифокорлик пункти бир неча йиллар олдин қишлоқ амбулаторияси сифатида фаолият олиб борган. Бугун ҳудудда вояга етмаган 400 дан ортиқ ёшга, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган қарийб 2400 нафар, 60 ёшдан ошган 400 нафар атрофидаги пенсионер, яна 2 минг нафарга яқин хотин-қизга тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Кейинги пайтда аҳоли талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда маҳаллада замонавий андоза асосида икки қаватли, янги ва етарли шарт -шароитга эга тиббиёт муассасаси қад ростлагани айни мақсадга мувофиқдир. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиигининг 33 йиллиги олдидан мамлакатимиз тиббиёт стандартларига мос келадиган, кундалик 50 бемор қатновига мўлжалланган, умуман, маҳалладаги 4500 нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга бу муассасанинг очилиш маросими ҳам тантанага айланди.

Тиббиёт пункти замонавий типда қурилган бўлиб, барча қулайликларга эгалиги, яъни унда рўйхатхона, дорихона, эмлаш хонаси, шифокор ва патронажлар хоналари, лаборатория ҳам мавжуд.

Мазкур тиббиёт пунктининг очилиш тадбирида туман ҳамда маҳалла мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳозир бўлди. Кекса отахону онахонлар маскан элимиз саломатлиги йўлида узоқ йил муносиб хизмат қилишини тилаб дуога қўл очиб, шу хайрли ташаббус бошида бўлган барчага ўз миннатдорлигини билдирди.

Шундан сўнг алвон лента қирқилиб, меҳмонлар маҳалла тиббиёт пунктидаги қулайликларни кўздан кечирди. Бунда меҳнат қилаётган патронаж ҳамшираларга 14 хилдаги дори-дармон ва тиббий жиҳозига эга тиббиёт сумкалари берилди. Шу ерда оилавий шифохона пункти тиббиёт персонали томонидан аҳоли орасида нисбатан кўп учраётган касалликлар тиббий профилактикаси, даволаниш усуллари, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга доир кўргазмали ташвиқот тадбири ва парҳез столлари ташкиллаштирилгани ҳам эътибордан четда қолмади.

Зариф Комилов, 

ЎзА мухбири