Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сармоявий ҳамкорлик истиқболлари
11:23 / 2015-12-01

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Халқаро инвестициявий форум “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарни модернизациялаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, тармоққа хорижий инвесторларни янада кенг жалб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Халқаро инвестициявий форум “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарни модернизациялаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, тармоққа хорижий инвесторларни янада кенг жалб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Форумда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг имкониятлари билан яқиндан танишган хорижий инвесторларда Тошкент механика заводи фаолияти катта қизиқиш уйғотди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 апрелдаги “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамияти фаолиятини янада ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ мазкур корхонада тўрт йўналишда 38 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Шундан 14 лойиҳа юк ва йўловчи вагонлари, совутгич ва контейнерлар, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш каби йўналишларга тааллуқли. Энг муҳими, ташкил этиладиган ишлаб чиқариш қувватларига 2018 йилнинг 1 январига қадар солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилади.

“Ўзбекистон темир йўллари” ва Франциянинг “Alstom” компанияси билан асинхрон тортишли электр двигателлари, Германиянинг “Teichmann Group” компанияси билан юк кўтариш машиналари кранлари ва механизмларини модернизация қилиш, тиклаш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан имзоланган меморандумларга мувофиқ мазкур инвестиция лойиҳалари Тошкент механика заводи базасида амалга оширилади.

Ҳозирги кунда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, 2016 йилда инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, муҳандислик-транспорт коммуникацияларини улаш, қўшма корхона ташкил қилиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ва битим имзолаш кўзда тутилган.

Форум доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан Хитой Халқ Республикасининг “ХСMG” компанияси ўртасида “Урганч экскаватор заводи” акциядорлик жамиятининг 44,4 фоиз улушини сотиб олиш юзасидан англашув меморандуми имзоланди. Айни пайтда “Ўзбекистон темир йўллари” мутахассислари хитойлик инвесторлар билан ахборот алмашинувини йўлга қўйган.

2011 йилда Тошкент – Самарқанд йўналишида Испанияда ишлаб чиқарилган, икки локомотив, саккиз йўловчи вагони ва вагон-ресторандан иборат юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоезди қатнови йўлга қўйилган эди. Ўтган даврда ушбу замонавий поезд йўловчиларнинг узоғини яқин қилишда энг оммабоп транспорт воситаларидан бирига айланди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва испаниялик ишлаб чиқарувчилар ўртасида яна иккита “Тальго” русумидаги поездни харид қилиш юзасидан шартнома имзоланди.

– Янги поездларда аввалгилардан фарқли равишда йўловчи вагонларини яна иккитага кўпайтириш кўзда тутилган, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракатини ташкил этиш ва фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Олим Қурбонов. – Натижада икки локомотив, ўн йўловчи вагони ва вагон-ресторандан иборат янги поездда жами 287 йўловчини ташиш мумкин бўлади. Темир йўлларни электрлаштириш кўлами кенгайиши ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар сонининг ортиши нафақат Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида, балки бошқа ҳудудларда ҳам йўловчи ташувларини энг замонавий талаблар даражасида ташкил қилиш имконини беради.

Инвестициявий форум доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компанияси хорижлик инвесторлар билан умумий қиймати қарийб 53 миллион долларлик англашув меморандумлари ва шартномалар имзолади.