Ўзбекистоннинг саёҳат масканлари беҳисоб. Улардан самарали фойдаланиш учун эса бир оз меҳр, эътибор ва ташаббус керак. Фарғона вилоятидаги Сариқамиш массиви азал-азалдан машҳур бўлса-да, у табиий ҳолича, сайёҳ учун ҳеч қандай қулайликларсиз эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Сариқамиш сайёҳлик масканини бунёд этиш топшириғи берилди. Бешариқнинг магистрал йўлидан Сариқамишгача бўлган масофада янги асфальт йўл барпо этилди. Ҳозир бу ерда ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Яқин вақт ичида “Яшил макон” лойиҳаси асосида икки ёнда бир неча қатор манзарали дарахтлар экилади.

– Бу ерда асрлар давомида пайдо бўлган минг гектарли кўл бор. У балиқлар ва ёввойи қушлар урчийдиган транзит кўл ҳисобланади, – дейди Бешариқ тумани ҳокимининг ўринбосари Отабек Алиматов. – Энди кўл атрофи сайёҳлик ривожланган манзил бўлади. Президент тасдиқлаган дастур асосида 15 млрд. сўм сарфланиб, 11,5 км йўл асфальт қилинди, 2 та 630 кВТли трансформатор ўрнатилиб, 10 киловатли тармоқ тортиб келинди. Тоза ичимлик суви чиқарилди. Тадбиркорлик қиламан деганлар учун инфратузилма тўлиқ яратилди.

Сайёҳ учун йўл, сув, электр қуввати бирламчи эҳтиёж. Ер остидан тоза ичимлик суви қатлами топилди ва унга кичик омбор қурилди. Электр таъминотида эса келажакдаги дастур ва лойиҳалар инобатга олинди. Шунда ҳам яқин ўн йиллар унинг таъминотида муаммога ўрин қолдирилмади.

Сариқамиш кўли Сирдарёга туташ. Унинг сув сатҳи гоҳ кўтарилиб, гоҳ пастлаб туради. Аммо ёввойи ўрдак, ғоз, қашқолдоқ галалари сув устига тўхтаб узоқ сафар йўлида бир оз дам олади. Балиқларни айтмайсизми?! Бундай табиий шароит қулайликларни ҳам талаб қилади.

– Бу ерда кемпинг, капсула, дам олиш уйлари, очиқ ҳовузлар, махсус ов қилиш жойлари яратилади. Гастрономик туризм бўйича балиқ таомлари тайёрлайдиган ошхоналар ташкил этилади, – дейди ҳоким ўринбосари.

–Сариқамиш ҳавосининг тозалиги билан ҳам машҳур. Нафас йўлларида муаммоси борлар бир кундаёқ унинг натижасини сезади.
– Сариқамиш ҳудудига хорижий инвесторларнинг ҳам қизиқиши ортиб боряпти. Ҳозир улар билан музокаралар олиб боряпмиз, – дейди Отабек Алиматов. – Келгусида хориж сармояси иштирокида сув спорти ва атракционлар масканлари ҳам дам олувчилар ихтиёрида бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-Fb9zdP8gYQ" title="Sariqamish sayyohlarni chorlaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА