Сариосиёлик ота 10 йиллик алимент пулини олдиндан тўлаб берди
МИБ Сурхондарё вилояти Сариосиё туман бўлимида фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 19 декабрдаги буйруғига асосан З. Қорабоевдан вояга етмаган икки фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати муддатидан олдин тугатилди.
Гап шундаки, қарздор ота МИБ ходимларига учрашиб, ижро ҳужжати бўйича вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент пулини олдиндан тўлаб бериш истаги борлигини маълум қилди. Қорабоевнинг мурожаатига мувофиқ давлат ижрочиси икки нафар вояга етмаган фарзандининг 18 ёшгача бўлган алимент миқдорини ҳисоблаб берди. Шундан сўнг у собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишиб, нақд 100 миллион сўм алимент пулини бир йўла тўлади.
Қарздорлик тўлиқ бартараф этилгани ҳақидаги ҳужжатлар нотариал тартибда расмийлаштирилгач, МИБ Сариосиё туман бўлими алиментчи отанинг ижро ҳужжатини муддатидан олдин тугатиб, унга нисбатан қўлланилган барча чеклов чораларини бекор қилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА