Сариосиёда томорқадан тўрт дона қадимий хум идиш топилди
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Сарижар маҳалласида яшайдиган Эркин Тулаков ҳовлисида иссиқхона қуришни ният қилиб, томорқасида иш бошлади. Шу мақсадда мўлжаллаган ерини қазий бошлаганида ярим метрлар чуқурликда катта хум гардишига дуч келди.
Ерни қизиқиш билан қазиган уй соҳиби узунлиги 1,50-1,60 метр бўлган бутун ҳолатдаги битта катта хум идишни ковлаб олиб, вилоят маданий мерос бошқармасига хабар берди.


Бошқарма ходимлари Термиз археология музейи мутахассислари билан янги топилма атрофида археологик кузатув ишларини олиб бориб, яна учта хум идиш мавжудлигини аниқлади. Барча хумлар зарар етказилмаган ҳолда қазиб олинди.

Айни пайтда олиб борилаётган дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, хумларнинг икки донаси милодий IX-XIII асрларга, яна иккитаси XIV-XVI асрларга оид экани тахмин қилинмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири