МИБ Сариосиё тумани бўлими давлат ижрочилари ўтган ҳафта туман мактабгача ва мактаб таълим бўлимидан 25 нафар ишчи-ходимнинг 141 миллион 162 сўм иш ҳақини ундириб берган эди.
МИБ туман бўлимига Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг яна бир ижро ҳужжати келиб тушди. Унда еттита умумтаълим мактаби ва битта мактабгача таълим ташкилотида меҳнат қилаётган ўқитувчи ҳамда тарбиячиларнинг ўз вақтида тўлаб берилмаган иш ҳақларини ундириш белгиланган. Ижро ҳужжати тегишли тартибда иш юритувга қабул қилиниб, тезкорлик билан ижросини таъминлашга киришилди. Қарздор муассаса раҳбари огоҳлантирилиб, ҳисоб рақамларига инкассо топшириқномалари юборилди.
– Давлат ижрочиларимиз фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, иш жойига тиклаш ва иш ҳақларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига алоҳида эътибор қаратиб, дарҳол ижросини таъминлаш чораларини кўрмоқда, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси масъул ходими Қобилжон Турсунов. – Мазкур ҳолатда ҳам олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари чоғида 68 нафар педагог ва тарбиячига белгиланган 214 миллион 300 минг сўм иш ҳақи ундирилиб, банк пластик карталарига ўтказиб берилиши таъминланди.
Ҳолат юзасидан ижро ҳужжатлари белгиланган тартибда тугатилиб, қарздор муассасага нисбатан қўлланилган барча чеклов бекор қилинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири