Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саримсоқпиёз етиштириш йўлга қўйилди
17:09 / 2025-11-03

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологиялар амалиётга жорий этилмоқда. Туманнинг Собиржон Сиддиқов хўжалиги ҳудудида жойлашган Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли Оқолтин нав синаш участкасининг 30 гектар ер майдонида хитой технологияси асосида саримсоқпиёз етиштириш йўлга қўйилди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу ерда саримсоқпиёз анъанавий усулда эмас, балки дала бўйлаб тортиладиган махсус плёнка остига экиляпти. Бу усул саримсоқпиёзнинг яхши ўсишига, унинг ривожланиши учун зарур бўлган намлик ва ҳароратни барқарор ушлаб туриши ва сувни тежашга хизмат қилади.

Янги технология жорий этилган далаларда томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган. Бу тизим сув сарфини 30–40 фоизга камайтиради, тупроқдаги намликни барқарор сақлаб туради ва саримсоқпиёзнинг илдиз тизимига сув ҳамда минерал моддаларни аниқ миқдорда етказиб беради. Шунингдек, плёнка остида экиш ва механизациялашган ишлов бериш жараёнлари меҳнат сарфини кескин қисқартиради, иш жараёнини тезлаштиради ҳамда меҳнат унумдорлигини оширади.

–  Оқолтинда тажриба тариқасида экилаётган саримсоқпиёз кутилганидан ҳам яхши натижа беради, –  дейди Оқолтин нав синаш участкаси бошлиғи Маматқул Пирматов.  – Бу ернинг тупроғи ва иқлими саримсоқпиёз етиштириш учун жуда мос. Шу боис, Хитой тажрибаси асосида 30 гектар майдонда синов тариқасида саримсоқпиёз экаяпмиз. Келгуси йил кузда бу тажрибани кенгайтириш, энг муҳими — саримсоқпиёзни такрорий экин сифатида экишни режалаштираётган фермер хўжаликларига тавсия ва маслаҳатлар беришни кўзда тутганмиз. Бу нафақат ички бозорни маҳсулот билан таъминлайди, балки экспорт ҳажмини ҳам оширишга хизмат қилади.

Янги технологиянинг яна бир муҳим афзаллиги — ресурс тежамкорлиги. Плёнка остига экиш натижасида агротехник тадбирларга сарфланадиган техника, ёқилғи-мойлаш материаллари ва ишчи кучи харажатлари кескин камаяди. Шу билан бирга, лойиҳа янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг бандсиз қатламларини иш билан таъминлаш имконини ҳам бермоқда.

Маҳаллий мутахассислар фикрича, саримсоқпиёз етиштиришда хитой технологиясини қўллаш нафақат ҳосилдорликни 1,5–2 баробар оширади, балки маҳсулот сифатини ҳам яхшилайди. Плёнка остида етишган саримсоқпиёз бир хил катталикда бўлади, узоқ муддат сақланади ва экспорт талабларига тўлиқ жавоб беради.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, бу йил Сирдарё вилоятидаги 73 минг гектар пахта майдонининг 65 минг гектарига хорижий, жумладан, 23 минг гектарига Хитойнинг “XinLuZao”, “Zhongtaj”, “Tian Yu” каби пахта навлари экилиб, кутилганидан ҳам юқори натижа қайд этилди. Айрим далаларда ҳар гектаридан 60–70 центнердан ҳосил олинмоқда. Бу сўнгги йилларда пахтачиликда кам кузатиладиган ҳолатдир.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири