Сариқ қишлоғидаги "жин кўприк"ни ким таъмирлайди?..
Таъкидлаш лозимки, ҳудуддан оқиб ўтувчи «Қашқадарё» дарёси Сариқ қишлоғини иккига ажратиб қўйган.
Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани Сариқ қишлоғи аҳолисини ташвишга солаётган жин кўприк муаммоси ҳақида ижтимоий тармоқларда ҳам, интернет газеталар сайтларида ҳам кўп ва хўп ёзилди.
ЎзА сайтида ҳам жорий йилнинг 29 февраль санасида «Муборакдаги осма кўприкдан қатнаётган ўқувчилар дарсдан кўра, ундан соғ-саломат ўтишни ўйлашади» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинди.
Таъкидлаш лозимки, ҳудуддан оқиб ўтувчи «Қашқадарё» дарёси Сариқ қишлоғини иккига ажратиб қўйган. Қишлоқ аҳолиси дарёнинг у томонидан бу томонига узоқ йиллар олдин ҳашар йўли билан қурилган, ҳозирда муддатини ўтаб, тахталари чириб, нураб тушаётган осма кўприкдан ўтишга мажбур. Айниқса, қишлоқдаги 16-умумтаълим мактабига қатнайдиган ўқувчилар ҳам шу кўприкдан ўтишади. Боиси дарё ўзани бўйлаб бошқа кўприк йўқ. Энг яқини 3 километрдан кейин келади.
Мақолада таъкидланганидек, айни пайтда ҳам ушбу осма кўприк авария ҳолатида. Қалаб чиқилган тахталар бирин-кетин синиб кетаётир. Ўтаётганда чиқадиган ғичирлаган товушдан юрак хавотирга тушади. Пастда эса чуқур ва тез оқар дарё шовуллайди. Мактаб ўқувчилари бировни кўмагисиз ўта олмайди. Шу ерлик ота-оналарнинг таъкидлашича, улар фарзандларининг дарс олишидан ҳам кўра, кўпроқ осилиб қолган кўприкдан эсон-омон ўтишини ўйлашади. Дарёнинг суви кўпаядиган баҳор ойларида эса уларнинг бу хавотири янада кучаяди.
Хўш, танқидий мақолалардан кейин кўприк муаммоси билан боғлиқ қандай ўзгаришлар бўлди? Ҳеч қандай ўзгариш бўлмади?
Муборак тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг телеграмм каналида “uza.uz ва kun.uz сайтларида танқид қилинган Муборак тумани «Сариқ» МФЙдаги кўприклар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди. Осма кўприкни маҳаллий бюджетдан манзилли дастурлар асосида босқичма-босқич таъмирлаб бериш чоралари кўрилади”, дейилган муносабатдан бошқа иш қилинмади.
Шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, танқидлардан сўнг бу муаммони ўрганиб, кўприк олдида расмга тушмаган мутасаддилар қолмади. Аммо кўприк қурилишидан ҳали ҳам дарак йўқ. Сариқ қишлоғидаги кўприк таъмири қачонгача сарғаяркин бу ёлғиз яратганга аён... Ҳудудида йирик саноат корхоналари кўплиги билан доим фахрланиб гапирадиган туман мутасаддилари учун оддий бир осма кўприкни таъмирланишига амалий ёрдам кўрсатиш шу қадар малол келаётгани ҳайрон қоларли.
Фикримизча ушбу кўприк таъмири маблағ билан боғлиқ эмас. Гап туман ҳокимлигининг эътиборсизлигида. Аҳолини қийнаётган муаммоларга лоқайдлик билан қарашида. Йўқса, бир кўприк можароси бу қадар чўзилмасди. Балки улар янгисини қуриб бериш шарти билан кўприкни батамом вайрон бўлишини ёки кимнидир кўприкдан сувга тушиб кетишини кутишаётгандир. Тағин яна ким билсин. Майли, Сариқ қишлоғи аҳолисига сабр тилаб, туман мутасаддиларидан хайрли ташаббусни кутиб қоламиз.