Навоий вилоятидаги “Лидер” ёшлар ва аёллар маркази хотин-қизларимизнинг турмуш тарзини янада юксалтириш ҳамда ўзгаришига ҳисса қўшиб келаётган марказлардан биридир. Унинг фаолиятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини ўтамоқда, десак муболаға бўлмайди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида марказ томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Натижада минглаб хотин-қизларимиз касб-ҳунар сирларини ўрганди, уларга турли психологик хизматлар кўрсатилди.

Ана шундай лойиҳалардан бири “Оила – жамият ва давлат ҳимоясида” номли лойиҳадир. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, 9 ой муддатга мўлжалланган.

– Лойиҳа доирасида Навоий вилоятининг 10 та туман-шаҳрида ўтказилган тадбирларга психолог-тренерлар жалб қилинди ва улар қайта ўқитилди. 1000 нафардан зиёд хотин-қизга психологик тренинглар ташкил этилди ва индивидуал консультациялар ўтказилди. Шунингдек, 8 маротаба судларда психологларимиз ўзларининг хулосалари билан иштирок этди, – дейди марказ раҳбари Гулбону Қувватова. – Яна бир “Диалог” номли лойиҳамиз халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳа ижроси 6 ой муддатга режалаштирилган бўлиб, психологик биринчи ёрдам ва аҳоли ўртасида психологик саводхонликни оширишга мўлжалланган. Тадбирларимиз Навоий шаҳридаги Гулистон, Янгиобод ҳамда Баҳор маҳаллаларида ташкил этилиб, 10 дан зиёд фуқароларга психологик тавсиялар берилди, тренинглар ўтказилди.

Марказ ходимлари нафақат юртимизда эълон қилинган лойиҳада, балки халқаро лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этади. Жумладан, улар “Евроосиё” жамғармасининг Қозоғистондаги ваколатхонаси томонидан 6 ой муддатга мўлжалланган “Янги қадам” лойиҳасида иштирок этди.
Мазкур грант лойиҳаси доирасида ташкилот ҳузурида “Психологик клиника” очилди. Унда 50 нафарга яқин хотин-қизга бепул психологик ёрдамлар кўрсатилди. 10 та давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. 18 нафар ёш билан волонтёрлик шартномалари имзоланди ва турли хил лойиҳалар ҳамда семинарларда волонтёрлар хизматларидан фойдаланилди.

Лойиҳа доирасида Навоий шаҳрида яшовчи ишсиз, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизларнинг эҳтиёжларини ўрганиш бўйича ижтимоий сўровнома ўтказилди. Сўровнома натижаси таҳлил этилиб, чора-тадбирлар белгиланди.
– Яна бир лойиҳамиз “ACTED техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги”нинг Ўзбекистон Республикасидаги филиали томонидан 6 ой муддатга молиялаштирилган “Аёл жамият кўзгуси” лойиҳасидир, – дейди Г.Қувватова. – Лойиҳа доирасида Навоий шаҳрида яшовчи “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга турли моддий ёрдамлар кўрсатиш ҳамда касбий кўникмаларини шакллантириш каби тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган эди. Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун 4 ой муддатга мўлжалланган “Компьютер саводхонлиги” ва “Тадбиркорлик асослари” ўқув курслари йўлга қўйилди. Натижада курсларда 50 нафар хотин-қиз бепул ўқитилди ва уларга сертификатлар топширилди.
Шунингдек, лойиҳада 50 нафар хотин-қизга психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди.
– Мен Тожикистон Республикасида туғилиб, ўсганман. Ўзбекистонга келин бўлиб тушганимга 10 йил бўлди. 2 нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим уста. Ўзим уй бекасиман. “Компьютер саводхонлиги” курсида сабоқ олдим. Мақсадим фарзандларимга компьютерда ишлаш ва ундан фойдаланишни ўргатиш. Биласиз, бугунги кунда ахборот технологияларидан оқилона фойдаланиш замон талаби ҳисобланади, – дейди лойиҳа иштирокчиси Дилдора Орзумуродова.
Лойиҳа доирасида “Buxoro varnet”, “Chados 2009” МЧЖ, “Munira new brand” МЧЖ, Навоий вилояти ТЕХНО паркида ташкил этилган тадбиркорлик объектларига ташриф буюрилди. Аёллар тадбиркорлик объектларига саёҳат қилиш билан бир қаторда маркетинг, ходимларни бошқариш, реклама, сотиш ва бошқа назарий билимларга ҳам эга бўлди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири