Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ходимлари, ННТлар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Йиғилишни комиссия раиси Садоқат Сиддиқова олиб борди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятнинг бошқа институтлари фаолиятини кўллаб-қувватлаш, шу тариқа уларнинг бугунги ислоҳотлардаги ўрнини мустаҳкамлаш масаласига эътибор қаратилмоқда. Бу эътибор самарасини Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Бухоро вилояти бўлинмаси фаолияти мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Таъкидлаш жоиз, 2025 йил ҳам бўлинма фаолияти учун жуда самарали кечди. Амалга оширилган лойиҳалар, ташкил этилган акциялар вилоятда нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг жамиятдаги ролини оширишга хизмат қилди. Шу билан бирга, фаолияти қўллаб-қувватланган нодавлат нотижорат ташкилотлар аҳоли ҳаёти билан боғлиқ қатор ижтимоий-иқтисодий, маънавий-руҳий муаммоларни ҳал қилишда яқин кўмакчига айланди.
Жумладан, ҳудудий бўлинма маблағларининг тақсимоти ва ижроси йўналишида ортда қолган йилда Президентимизнинг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан 2024 йил декабрь ойида 2025 йил учун маҳаллий бюджетни тасдиқлаш тўғрисида қабул қилинган қарорга асосан, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Бухоро вилояти бўлинмасига жами 5067,967 миллион сўм маблағ ажратилган эди.
[gallery-27325]
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 2025 йил 24 февралдаги қарори билан ажратилган мазкур маблағлар фуқаролик жамияти институтларини давлат субсидияси, Давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат гранти шаклида қўллаб-қувватлаш ва ҳудудий бўлинманинг маъмурий харажатлари учун тақсимланди.
Жумладан, субсидия тартибида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ҳудудий бўлимларига 1075,06 миллион сўм, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ҳудудий бўлимларига 1826,3 миллион сўм, Ўзбекистон Карлар жамияти ҳудудий бўлимларига 124,8 миллион сўм, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ҳудудий бўлимларига 190,93 миллион сўм маблағ ажратилди.
Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан комиссия аъзоларининг фикр ва мулоҳазалари эшитилди ва комиссиянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов, (сурат), ЎзА мухбирлари.