Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияда вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳудудни 2021 йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2022 йилги режалар юзасидан вилоят аҳлига мурожаат қилди.
Таъкидландики, йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 7,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 10 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 4,3 фоизга, жами хизматларнинг эса 29,5 фоиз ўсиши, шунингдек, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14,7 миллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 1,7 миллион сўмга ортиши ва аҳоли реал даромадлар ҳажми 12,5 миллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга ўсган.
Инвестиция дастурлари доирасида 5 триллион сўмлик 504 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилиб, фақат ушбу лойиҳаларнинг ўзидан 5 минг нафар янги иш ўрни яратилди. 260 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич йил якунига қадар 300 миллион долларга етказилади. Илк бор 200 миллион доллардан ортиқ саноат ва мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти амалга оширилишига эришилди. 43 та корхонада 60 турдаги 2 триллион 700 миллиард сўмлик, ёки 2020 йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш мақсадида, жорий йил ўтган даврида 17 минг 846 та субъектга 2 триллион 200 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. 4 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 22 минг 300 тага, хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхоналар сони 227 тага етди.
– Навбатдаги 5 йилликда белгилаб олган мақсадларимизга эришиш учун 2022 йилда аввало, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида 80 мингдан зиёд фуқаронинг бандлигини таъминлашимиз, ҳар йили меҳнат бозорига кириб келаётган 30 мингга яқин ёш келажаги учун мустаҳкам замин яратишимиз зарур, – деди Э.Салиев. – Бу ишларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун, 299 та маҳалланинг ҳар бирида ватанпарвар, билимли, шижоатли, янгиликка чанқоқ ёшлар орасидан “ҳоким ёрдамчилари” тайинланди. Улар бундан буён, маҳаллада асосий ислоҳотчи бўлиб, ўз “бюджети”га, тегишли ваколат ва имкониятларга эга бўлади.
Шунингдек, 2022 йилда вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 101 минг 100 та доимий ва мавсумий янги иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилди.
Мавжуд 299 та маҳалладаги 20 фоиздан ортиқ хонадон шуғулланадиган 571 та фаолият тури “ўсиш нуқталари” сифатида белгилаб олинди.
[gallery-5162]
Маҳаллий саноатни ривожлантириш ва ҳудудий инвестиция дастурларини амалга ошириш ҳисобига 2022 йилда шаҳар ва туманларда умумий қиймати 8 триллион 700 миллиард сўмлик 314 та янги инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 8 минг 971 та янги иш ўрни яратилади. Маҳаллий саноатни ривожлантириш мақсадида вилоятда 7 та тармоқ йўналиши бўйича 3 триллион 700 миллиард сўмлик 154 та лойиҳа хисобига 17 минг 699 та янги иш ўрни яратилади.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган давр мобайнида 17 мингдан ортиқ оила ва уларнинг 76 минг 745 нафар аъзоси “Темир дафтар”га киритилиб, уларга зарур ёрдамлар кўрсатиллди. Бугунги кунда мазкур дафтарда қолган 686 та оилага мунтазам ижтимоий ва молиявий кўмак берилмоқда.
“Ёшлар дафтари”даги 12 минг 100 нафар ёшларни муаммоларини ҳал этиш мақсадида – 3 минг 100 нафар тадбиркорлик фаолияти ва бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 55 миллиард сўм кредит маблағ ажратиш, 3 минг 500 нафар ёшга деҳқон хўжалиги билан фойдаланиш учун 1 минг 750 гектар ер майдон ажратиш, 2 минг нафар ёшга 6 миллиард 200 миллион сўм субсидия ажратиш орқали бандлигини таъминланлаш, 18-30 ёшдаги 11 минг 104 нафар ёшни тадбиркорлик ва бизнес ташаббусларини рўёбга чиқариш учун 219 миллиард сўм кредит маблағлар ажратиш режалаштирилмоқда.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатиш учун келаси йилда жами 100 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилади.
Аҳолининг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида 2022 йилда Жиззахда биринчи маротаба 14 та ҳар бири 80 хонадонли жами 1 минг 120 хонадонга мўлжалланган 16 қаватли уй-жой янги тизим асосида “қурилиш кластери” томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 23 та қишлоқ ва 3 та маҳаллада бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.
Ҳудудларда бирламчи тиббий ёрдам хизмати сифатини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш вазифани амалга ошириш мақсадида вилоятдаги мавжуд оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда тўғридан-тўғри марказга узатилувчи ЭКГ мосламалари ўрнатилиши, шунингдек, Шароф Рашидов, Зомин ва Дўстлик туманларида туманлараро 30 ўрин-жойли эндокринология бўлимлари, Ғаллаорол, Дўстлик ва Зомин туманлари тиббиёт бирлашмалари негизида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этиш режалаштирилди.
Бундан ташқари, Фориш, Бахмал, Арнасой ва Мирзачўл туманлари тиббиёт бирлашмаларида 20 ўринли кардиология бўлимлари ҳамда Жиззах шаҳрида “Тиббиёт кластери”, эндокрин касалликларни камайтириш мақсадида вилоятда 40 та ва туманларда 17 та даволаш хизмат турлари фаолияти йўлга қўйилади ва 40 ёшдан ошган 625 минг нафар вилоят аҳолиси скрининг текширувидан ўтказилади.
Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш хусусий боғчаларни кўпайтириш, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 73 фоизга етказиш мақсадида 6 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти, 105 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш, 81 та мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлар ташкил этилади.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши вилоят ҳокимининг мурожаати юзасидан тегишли қарор қабул қилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА