Жиззах вилоятида прокуратура сайъ-ҳаракати билан жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 24 янги лойиҳа ишга туширилиб, ижтимоий дафтарларга кирувчи ва банд бўлмаган аҳолининг 144 нафари иш билан таъминланди.
Вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев раислигида прокуратура органларининг ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги жорий йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари, эришилган муваффақиятлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар, келгусидаги вазифаларини белгилаб олишга бағишланган ҳайъат йиғилиши ўтказилди.

Унда, вилоят прокуратураси, Департамент ва Бюронинг вилоят бошқарма бошлиқлари ҳамда барча тезкор ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда соҳанинг асосий йўналишлари ҳисобланган жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги муаммоларни ҳал этишга комплекс ёндашилганлиги таъкидланди.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида қўлланилган 11 минг 952 прокурор назорати ҳужжатлари асосида 3 минг 312 ноқонуний ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилди, 23 минг 434 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди. Текширишлар ва тергов ишлари давомида 94 миллиард сўмдан ортиқ зарар ундирилди.
Вилоят, шаҳар ва туман прокурорларининг ташаббуси билан 25 миллиард сўмлик 24 лойиҳа ишга туширилиши натижасида, 144 янги иш ўринлари яратилиб, фаолиятини тўхтатган 240 тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланди.

Шунингдек, йиғилишда, ўтган давр мобайнида иш фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлилий ва танқидий руҳда муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш ва келгусида яна такрорланмаслик мақсадида аниқ топшириқ ва вазифалар белгилаб олинди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА