Олий таълим соҳасининг ривожи мамлакат интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ва инновацион тараққиётни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бугунги глобаллашув шароитида юқори малакали кадрларга бўлган талаб тобора ортиб бораётгани олий таълим тизимини замонавийлаштиришни тақозо этмоқда. Илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва рақамли таълим технологияларини жорий этиш соҳанинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Хўш, ўтган 2025 йилда олий таълим соҳасида қандай ислоҳотлар амалга оширилди?
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда жами 207 та олий таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларнинг 101 таси давлат, 74 таси нодавлат, 32 таси эса хорижий олийгоҳ филиаллари ҳисобланади.
Олий таълим муассасаларининг 125 таси университет, 43 таси институт, 33 таси филиал, 5 таси академия ва 1 таси консерватория мақомига эга.
Айни пайтда республика бўйича 1 миллион 669 минг 95 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг таълим олишига 48 минг 403 нафар профессор-ўқитувчи хизмат қилмоқда. Талабалар таркибида аёллар улуши юқори бўлиб, умумий кўрсаткичнинг 54,26 фоизини аёллар, 45,74 фоизини эса эркаклар ташкил этмоқда.
Талабаларнинг 1 миллион 599 минг 586 нафари бакалавриат босқичида, 62 минг 305 нафари магистратурада, қолган қисми эса ундан юқори таълим босқичларида таҳсил олмоқда. Уларнинг 170 минг 958 нафари давлат гранти асосида, 1 миллион 498 минг 107 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқимоқда.
Мутахассиснинг таъкидлашича, 2025 йилда Президент ташаббуси билан олий таълим тизимига амалиёт билан уйғунлашган таҳсил шакли — дуал таълим жорий этилди. Шунингдек, олий таълим муассасаларида ўқиш сифатини ошириш мақсадида давлат грантларини қайта тақсимлаш амалиёти йўлга қўйилди. Энди тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган талабалар ҳам ўз билими ва натижалари орқали давлат грантига ўтиш имкониятига эга бўлди.
Таълим сифатини янада ошириш мақсадида сиртқи таълим шакли бекор қилиниб, унинг ўрнига жаҳон тажрибасида кенг қўлланилаётган масофавий таълим шаклига рухсат берилди.
Қайд этилишича, олий таълим соҳасида бошланган мазкур ислоҳотлар ва хайрли ташаббуслар янги 2026 йилда ҳам изчил давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА