Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сарҳисоб кейинги режаларни белгилашда муҳим қадам
18:20 / 2022-01-11

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилояти бошқармасининг 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йил вазифаларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб бошқарма бошлиғи Алишер Рашидов тизимда 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, ўтган йил давомида жами 5 минг 318 та назорат тадбири ўтказилган бўлиб, уларнинг 621 таси текшириш, 4 минг 697 таси мониторинг тадбиридир. Бу эса 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўп дегани. Текширишлар давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жами 601 та маъмурий-ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниб, 118 миллион 398 минг сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган. 5867 та корхонага огоҳлантириш ва 212 та тақдимнома киритилиши таъминланган.

– Сарҳисобда туманимиз бўйича ҳам танқидий муҳокамалар бўлди, – дейди инспекциянинг Хатирчи тумани бўлими бошлиғи Учқун Худойбердиев. – 2021 йилда туманимизда 1 минг 174 та назорат тадбири ўтказилган бўлса, уларнинг 140 тасини текширишлар, 1 минг 34 тасини мониторинг тадбирлари ташкил этади. Шу билан бирга ўтган йил давомида туман бўлими инспекторлари томонидан 753 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Бугун 2022 йилдаги асосий вазифаларимизни белгилаган ҳолда кунлик назорат тадбирларини сифатли ва самарали ташкил этиш, улар сонини кўпайтиришни келишиб олдик. 2021 йил давомида инспекциянинг Кармана туман бўлими томонидан 827 та назорат тадбири, 129 та текшириш, 698 та мониторинг тадбири ўтказилган. Туман бўлими инспекторлари томонидан 361 та қонунбузилишлар аниқланган бўлиб, 119 та материал қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

– Ҳисобот йиғилишида соҳавий инспекторлар томонидан ўтказилган назорат тадбирлари сифати ва самарадорлиги танқидий-таҳлилий муҳокама этилди, – дейди инспекциянинг Кармана туман бўлими бошлиғи Илҳом Ҳайитов. – Жумладан, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш, қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўтказиш, чорвачиликда наслчилик иши ва бошқа муҳим йўналишларда белгиланган режага нисбатан самарадорлик паст кўрсаткичга эгалиги, назорат тадбирлари давомида текшириш субъектлари тўлиқ қамраб олинмагани танқид қилинди.

Йиғилишда “Ўзагроинспекция” нинг пахта хомашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Камолиддин Аҳмедов томонидан бошқарма ва туман бўлимлари инспекторларининг ўтган йилдаги фаолияти муҳокама этилди ҳамда 2022 йилда иш унумдорлигини янада ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Абдували Бўриев,

ЎзА