Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
САРҲИСОБ: Жорий йил якуни билан 1,1 миллиард долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинади
17:12 / 2025-12-26

Бугун “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида 2025 йил сарҳисоби ва 2026 йилдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда уюшма ва унинг тизимидаги корхоналар масъуллари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Ҳақбердиев сўзга чиқиб, 2025 йилда эришилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди. 

Унга кўра, 2025 йил якунига қадар уюшма корхоналари томонидан 53 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва ўсиш 112,5 фоизга етказилиши кутиляпти. Соҳанинг мамлакат саноатидаги улуши 5,1 фоизни ташкил этмоқда. Жумладан, 40 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 110 миллион квадрат метр  гипсокартон, 19,9 миллион тонна цемент, 48,7 миллион квадрат метр керамик плитка, 880 минг дона керамик санитар техник буюмлар каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 4,4 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 126,5 фоизга бажарилади.

–Соҳа бўйича юқори иқтисодий ўсиш асосан “Азия Металл Проф” МЧЖ, “RWS Оптимум” МЧЖ, “Каракалпак Цемент” МЧЖ, “Прайм Керамикс” МЧЖ, “Наманган Цемент” МЧЖ каби йирик саноат корхоналарида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобига таъминланди. Соҳада жами 2,040 миллиард долларлик инвестициялар, шундан 1,59 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Хусусан, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё, Андижон, Самарқанд вилоятларида йирик лойиҳалар татбиқ этилди, – деди У.Ҳақбердиев.

Тадбирда экспорт йўналиши ҳам таҳлил этилди. Қайд этилганидек, соҳада жорий йил якуни билан 1,1 миллиард доллар қурилиш материаллари экспорти амалга оширилади. Бу эса металл буюмлар, керамика маҳсулотлар, ПВХ профил, труба ва пластмасса маҳсулотлар, қуруқ қурилиш қоришмалари каби маҳсулотлар улушига тўғри келди. Эътиборлиси, 2024 йилда экспорт қилинган қурилиш материаллари турлари 55 тадан 62 тага оширилди. Шунингдек, экспорт географияси 50 давлатдан 60 тага етказилди. 

Таҳлилларга кўра, маҳсулотлар экспорти асосан Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Беларусь, Туркманистон давлатлари ҳиссасига тўғри келган. Шу билан бирга, Таиланд, Бельгия, Исроил, Испания, Франция, Хорватия, Ироқ, Бразилия ва бошқа шу каби давлатларнинг бозорлари ўзлаштирилиши ҳисобига маҳсулотлар экспорт географияси кенгайтирилган.

Матбуот анжумани якунида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан жорий йилда юқори натижаларга эришган тизим корхоналари вакиллари тақдирланди. Улар орасида “SA Group” вакиллари бор.

–Аввало, бугунги эътироф учун ташкилотчиларга раҳмат айтаман. Гуруҳ таркибига учта компания киради. Улардан бири - “Thermo Plus” компанияси. Ушбу компания замонавий ускуналар билан жиҳозланган ва илғор технологиялардан фойдаланади. У янги авлод базальт толали иссиқлик изоляция материаллари ишлаб чиқаради. Яқинда Европа сертификатларини қўлга киритдик ва бу бизга маҳсулотимизни халқаро бозорларга чиқариш имконини берди. Бугунги кунда МДҲ мамлакатларига экспорт қиляпмиз ва бу жараён йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Биз юқори сифат ва инновацияларнинг мукаммал уйғунлигини тақдим этиш натижасида нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатлар бозорларида ҳам эътибор қозонишни мақсад қилганмиз, – деди “SA Group”нинг ахборот бўлими раҳбари Худойберди Раззоқов. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА