Мамлакатимизда минерал хомашё базасини мустаҳкамлаш, янги конларни аниқлаш ва тоғ-кон саноатини барқарор ривожлантириш иқтисодиётнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган натижалар ҳамда келгуси режалар тармоқнинг изчил тараққиётини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хўш, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан 2025 йилда қандай ишлар амалга оширилди ва 2026 йилнинг устувор вазифалари нималардан иборат?
Бу саволга вазирлик бошқарма бошлиғи Содиқ Рўзиқулов қуйидагича жавоб берди:
–2025 йил сарҳисобига келсак, геология соҳасида минерал хомашё базасини ривожлантириш давлат дастури доирасида жами 289 та геологик лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу ишларга жами 2,9 триллион сўм маблағ, жумладан, 820 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилиб, режалаштирилган кўрсаткичлар тўлиқ таъминланди.
Бурғилаш, ер ости ва ер усти тоғ-кон ишлари, шунингдек, 2D ва 3D сейсмик қидирув ишлари режадан ортиқ ҳажмда бажарилди. Натижада олтин, кумуш, мис, уран, қўрғошин, рух, вольфрам, кўмир, ер ости сувлари фойдали қазилмалар захиралари сезиларли даражада оширилди. Шу билан бирга, чуқур излов бурғилаш учун нефть ва газга истиқболли 19 та янги майдон аниқланиб, углеводород ресурслари қарийб икки баробарга кўпайтирилди.
2025 йилда Давлат захиралари комиссияси томонидан 50 та фойдали қазилмалар, жумладан, 7 та олтин, 1 та кумуш, 6 та уран, 2 та кўмир кони, 13 та ер ости сувлари кони, 4 та углеводород кони ва 17 та ҳар хил турдаги норуда фойдали қазилмалар конлари захираси тасдиқланди.
Тадбиркорларга аукцион савдолар орқали 15 та асосий турдаги кон ва майдонлар, 52 та сочма олтин ер қаъри участкалари ва 226 та норуда фойдали қазилма кон ва майдонлари жами 543,4 миллиард сўмга сотилиб, бюджетга тушум таъминланди.
Тоғ-кон саноати корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 214 триллион сўмдан ортиқни ташкил этиб, режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди. Маҳсулотлар ва хизматлар экспорти жами 1,7 миллиард долларни ташкил этиб, унда уран ҳамда рангли ва қора металлар асосий улушни эгаллади. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайтирилиб, 7 триллион сўмлик ускуна, машина, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилди. Импорт ўрнини босиш самарадорлиги 586,6 миллион долларни ташкил этди.
Инвестиция дастури доирасида 2025 йилда геология йўналишида 1 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. 2 та инвестиция лойиҳаси муваффақиятли ишга туширилди. 700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу, айниқса, ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Шу билан бирга, кон-металлургия корхоналарида 1,250 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Мурожаатлар билан ишлаш доирасида ўтган йилда вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан 700 дан ортиқ мурожаат келиб тушиб, уларнинг аксарияти бўйича амалий чоралар кўрилди, қолган мурожаатларга эса белгиланган тартибда тушунтиришлар берилди.
2026 йил учун устувор вазифаларга кўра, 275 та геологик лойиҳа доирасида геология-қидирув ишларига қарийб 3,3 триллион сўм маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Унинг 750 миллиард сўми бюджет маблағидир.
Саноат корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 220 триллион сўмдан оширилади, экспорт ҳажми эса 1,8 миллиард долларга етказилади. Шунингдек, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ва ёшлар билан ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил якунлари соҳада барқарор ўсиш ва аниқ натижаларга эришилганини кўрсатди. 2026 йилда эса ушбу ишлар изчил давом эттирилиб, иқтисодиёт ривожи ва ҳудудлар тараққиётига хизмат қилиши таъминланади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА