Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрида мамлакатимиз Шимоли-ғарб сарҳадларини қўриқлаётган жасур чегарачилар иштирокида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ўтказилди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Қуролли Кучлар таркибидаги вазирлик ва идораларнинг ҳамкорликдаги чора-тадбирлари дастури доирасида ташкил этилди. Танловдан кўзланган мақсад иқтидорли ҳарбий ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг маданий ҳордиқ олишини таъминлаш ҳамда жамоавий жипсликни мустаҳкамлашдан иборатдир.


Кўрик-танловда “Назоратчи аскарлар”, “Қувноқ чегарачилар, “Хоразмликлар” жамоалари “Саломлашиш”, “Савол-жавоб” ва “Мусиқий чиқиш” шартлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди. Ҳар бир саҳна кўринишида чегарачилар ҳаётига хос бўлган нозик юмор, ватанпарварлик ғоялари ва ёшлик шижоати акс этилди.
Иштирокчиларнинг чиқишларини “Қувноқлар ва зукколар” ассоциацияси вакиллари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги масъул офицерларидан иборат ҳакамлар ҳайъати холис баҳолаб борди. Улар томонидан ижро маҳорати, саҳна маданияти ва мусобақа қоидаларига қатъий амал қилиниши каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди.


Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида барча шартлар бўйича энг юқори балл тўплаган “Қувноқ чегарачилар” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Ғолибларга ҳарбий қисм командири томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бу каби тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмоний, балки маънавий-интеллектуал юксалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Зеро, юртимиз сарҳадларини нафақат жисмонан бақувват, балки билимли ва зукко ўғлонлар қўриқламоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.