Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сардорнинг ушалган орзуси
13:15 / 2025-10-28

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги Янгиобод маҳалласида яшовчи ёш йигит Сардор Абдусатторов “Ёшлар дафтари” имкониятларидан фойдаланиб, гулчилик билан шуғулланиш учун 1 гектар ер олди.

Бундан олдин бир танишининг гулчилик хўжалигида ишлаб, гул парваришининг нозик сирларини ўрганганди. Энди эса орзусидаги ишни амалга ошириш пайти келганди.

– Аввалига ишим юришмай, эккан гулларим сўлиб қолди, касалликларга ҳам чалинди, – деб эслайди Сардор. 

– Бундан албатта жуда ранжидим, ҳатто ишни ташлаб кетмоқчи бўлган пайтларим ҳам бўлди. Сарфланган меҳнат, кетган маблағ кўз олдимдан бир-бир ўтди. Айниқса, маҳалладошларимнинг “Сардор ишни эплай олмабди” деган гапларини эшитишни истамадим. Шунинг учун яна белни маҳкам боғлаб, гулларга меҳр бердим, чопиқ қилиб, ўғитладим, бошқача айтганда ҳар бир гулга қалб қўримни бағишладим.

Бугун Сардорнинг ўша қилган меҳнатлари, тўкилган пешона терлари ниҳоят самара берди. У етиштирган гуллар ички бозорда харидоргир бўлиши билан бирга, буюртмалар асосида “Етказиб бериш хизмати” ҳам йўлга қўйилди. Айни пайтда ёш тадбиркор ер майдонини яна кенгайтириб, тўрт фаслда ҳам яшнаб турадиган, янги технологияларга асосланган замонавий иссиқхона қуришни режалаштирган.

Сардорнинг интилишлари шундан далолат берадики, агар инсон имкониятдан тўғри фойдаланса, сабр, тоқат билан иш тутса, у албатта катта ютуқларга эришади. Бунга шубҳа йўқ.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА