Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сардорлар сайланди
12:32 / 2026-01-22

Бухорода Ўзбекистон болалар ташкилоти “Болалар ҳаракати” сардорлари сайловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Ўзбекистон болалар ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган тадбир болаларни ҳар томонлама етук, фаол, масъулиятли ва ватанпарвар шахс сифатида тарбиялаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Сардорлар сайловида вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшларга омад ва зафарлар тилади. Тадбирда болалар етакчилигининг жамият тараққиётидаги ўрни, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур сайлов болаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, сардорлик қобилиятларини ривожлантириш, уларни келажакда жамиятга фойдали, масъулиятли ва ташаббускор шахслар этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда.

Вилоят босқичида – туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган сардорлар вилоят сардорлиги учун беллашди. Ушбу босқичда 10 ёшдан 18 ёшгача бўлган 117 нафар номзод иштирок этди. Иштирокчилар 9 та йўналишдан бирини танлаган ҳолда ўз салоҳияти ва сардорлик қобилиятини намоён этди. Сайлов якунларига кўра, энг кўп овоз тўплаган 9 нафар бола вилоят сардори этиб сайланди.

Сайлов якунида вилоят сардорларига ҳамкор ташкилот вакиллари томонидан “Ишонч ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғалари топширилди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.