Республика Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳузуридаги “Камалак” болалар ташкилоти сардорлари билан учрашди.
Давлатобод туманида жойлашган 92-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган мазкур учрашувда синф, мактаб ва вилоят сардорларининг таклиф ҳамда масалалари тингланди. Ўқувчилар ўртасида чет тиллари, журналистика, нотиқлик, мусиқа, санъат ва замонавий касбларни ўрганиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар муҳокама қилинди. Вазир ўринбосари мулоқотда ҳар бир сардорнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Ҳар бир таълим муассасасидаги жамоа улар билан ҳамфикр иш юритиши, ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда сардорлар билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.


– Учрашув наманганлик ёшлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди. Бунинг маҳсули эндиликда Наманган тажрибаси сифатида вилоятдаги ҳар бир мактабда “Болалар мушоираси” клублари ташкил этилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилоят Кенгаши “Камалак” болалар ташкилоти фаолиятини ривожлантириш бўлим бошлиғи Анасбек Ҳамрабаев. – Матбуот ва медиа йўналиши сардорларини журналистика ҳамда мобилография бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Ўқувчилар ўртасида доимий равишда танлов ва мусобақалар ташкил этиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилади.
Учрашув якунида вилоятдаги энг фаол, ташаббускор сардорлар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.




Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири